Бугун ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимлари билан навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси ташкил этилди.Унинг аввалида сўзга чиққан ИИВ Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғи, полковник Ҳамза Махсумов куни кеча мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Фарғона вилоятида бўлиб ўтган танқидий-таҳлилий руҳдаги Иивнинг кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши тафсилотлари тўғрисида сўз юритди. Жумладан, Юртбошимизнинг сўнгги йилларда ҳуқуқ-тартибот тизими фаолиятида юзага келаётган муаммо ва камчиликлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини шахсий таркибга етказди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг соҳа фаолиятинини такомиллаштириш борасида билдирган таклиф ва тавсияларига, белгилаб берган вазифаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбир доирасида кино актёр, ҳуқуқшунос ва блогер Отабек Маҳкамовнинг “Юксаклик сари, тасодиф бўлмаган 100 та учрашув” номли китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Унда сўз олган муаллиф 18 йил давомида ёзилган 16 бобдан иборат ушбу китобда дунёнинг 52 та давлатида истиқомат қилаётган, ҳаётда катта муваффақиятларга эришган 100 нафар машҳур инсоннинг фаолияти ҳақида ҳикоя қилинишини таъкидлади. Энг машҳур давлат ва жамоат арбоблари, спортчилар, журналистлар, шифокорлар, шоир ва ёзувчилар, телебошловчилар, бастакорлар ҳамда қўшиқчи ва актёрлар шулар жумласидандир.
Муаллиф 3 та тилда нашр этилган бу китобнинг тақдимоти ва кўргазмалари дунёнинг кўплаб давлатларида бўлиб ўтаётгани, ундан тушган маблағлар саратон касаллигига чалинган болажонларни даволашга сарфланишини билдирди. Тақдимот якунида энг яхши савол эгаси ва тадбир ташкилотчиларига муаллиф томонидан ушбу китоб совға қилинди.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
