Маънавият ва маърифат дарси
Ўқитувчи ва мураббийлар – Янги Ўзбекистонни барпо
этишда катта куч, таянч ва суянчимиздир.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
(1-октабр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни)
Дунёда касблар кўп, ҳунарлар бисёр. Улар ичида энг улуғи ва шарафлиси эса ўқитувчилик ва мураббийликдир. Зотан, заҳматкаш ва олижаноб ўқитувчилар ёшларга таълим бериш баробарида, юртнинг ёруғ келажагини бунёд этишга қодир авлодни тарбиялаб вояга етказади.
Жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз таълим-тарбия масаласига ғоят муҳим ва устувор вазифа сифатида эътибор қаратган. Зотан, азал-азалдан устоз ва мураббийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилган. Биргина соҳибқирон Амир Темур ўзини устози ва пири Мир Саййид Бараканинг оёқ томонига дафн этишларини васият қилгани ҳам ана шу эҳтиромнинг ёрқин далили бўла олади. Қолаверса, сўз мулкининг султони Алишер Навоий устоз мақомини шундай юксакликка кўтарганки, бу унинг қуйидаги мисраларида яққол тажассумини топган:
Ҳақ йўлида ким сенга бир
ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо
онинг ҳаққин юз ганж ила.
Ўзбек маърифатпарварларидан бири Абдурауф Фитрат «Ҳаёт йўлида биринчи масала – мактаб масаласидир», дея эътироф этади. Абдулла Авлоний эса ўзининг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарида «Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдур. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракотимизни ойина каби кўрсатур. Савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, тозани мурдордан аюриб берур. Тўғри йўлга раҳномолик қилуб,
дунё ва охиратда маъсуд бўлишимизга сабаб бўлур. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур...» деб ёзади. Албатта, жамиятни саводсизлик, билимсизлик ботқоғига ботишдан сақлаб, умр йўлларимизни илм-у маърифат машъаласи билан чароғон этиб турадиганлар, авваламбор, ўқитувчилар, устоз-муаллимлардир.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда таълимга юксак эътибор қаратилмоқда. Илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган муҳим дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, хусусан, мактабгача таълим ташкилотлари сони 28 минг 12 тага етказилди. Айни пайтда 3–7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси қарийб 70 фоизни ташкил этмоқда.
Сўнгги йилларда Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, ҳозирги вақтда математика, физика, кимё-биология, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари, хорижий тиллар бўйича ўнлаб янги сифат босқичидаги таълим масканлари – ихтисослашган мактаблар муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.
Худди шунингдек, олий таълим соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда янги университет ва институтлар ҳамда уларнинг филиаллари барпо этилиб, бунинг натижасида қамров даражаси сезиларли даражада ортди.
Мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимидаги таълим муассасаларида: ИИВ Академия, Малака ошириш институти, академик лицей ва мактаб-интернатларида юзлаб педагог ходимлар фаолият юритмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати ва жонбозлиги туфайли ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими амалда жорий этилган. Таълим жараёнлари замонавий педагогик ва ахборот технологиялари асосида ташкил қилиниб, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш ишлари кенг кўламда олиб бориляпти.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этмоқдамиз. Шундан келиб чиқиб, уларнинг ҳурмат-эътиборини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошлаган ишларимизни албатта янги поғонага кўтарамиз». Дарҳақиқат, таълим-тарбия соҳаси фидойилари – заҳматкаш ўқитувчи ва мураббийлар қўллаб-қувватланса, уларга ҳар қанча эҳтиром кўрсатилса, арзийди.
Эътироф этиш керакки, ҳозирги кунда юртимизда таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимлар муносиб рағбатлантириб келинмоқда. Улар орасида давлатимизнинг юксак мукофоти – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлганлар ҳам бор. Қанчадан-қанча соҳа фидойилари «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози» сингари фахрий унвонлар билан тақдирланган. Кўплаб устоз ва мураббийларнинг кўксини «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», «Соғлом авлод учун», «Дўстлик» орденлари, «Шуҳрат» медали безаб турибди.
Бугун тезкор ва шиддатли замонда яшаяпмиз. Ана шундай мураккаб даврда олдимизда дунёдаги тараққий топган давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек вазифа турибди. Бунинг учун, аввало, кучли, салоҳиятли, ўз билими ва истеъдодига суянган, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш талаб этилади.
Бу борада ўта масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, бу йўлда ўзини аямасдан меҳнат қилаётган ўқитувчилар, мураббийларнинг заҳматли меҳнати ҳар қанча мақтовга лойиқ. Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда, улар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонлар саналади. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир.
Камол ОЛЛОЁРОВ,
«Постда» мухбири.
