Қаҳратон қиш, паға-паға қор ёғарди. Ҳаво совуқ, лекин тиқ этган шамол йўқ. Оппоқ, момиқ қор парчалари рақс тушган мисоли осмондан айланиб-айланиб тушарди.
Ёнма-ён учиб бораётган иккита қор парчаси ўзаро суҳбатлашиб қолди. Улар бир-бирини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, қўл ушлашиб олди. Шунда улардан бири қувноқ овоз билан деди:
– Учиш, парвоздан завқ олиш қандай яхши!
– Ахир, биз учмаяпмиз, шунчаки ерга тушяпмиз, – маъюс жавоб қилди иккинчиси.
– Тез орада биз ер билан учрашиб, момиқ чойшаб каби тўшаламиз.
– Йўқ, биз ҳалок бўлиш учун тушяпмиз, одамлар бизни оёқлари билан эзиб ташлайди.
– Адашяпсан, бизнинг умримиз тугамайди. Ҳаво исиб кеца, жилғалар ҳосил қилиб, кўл ва денгизлар сари йўналамиз. Сўнгра буғланиб, осмон сари интиламиз. Вақт ўтиб, яна қор-у ёмғир кўринишида ерга тушамиз. Шу тариқа, абадий яшаймиз, – завқ-шавқ билан гапиришда давом этди биринчи қор парчаси.
– Йўқ, биз буғланиб, тамоман ғойиб бўламиз, – эътироз билдирди иккинчиси.
Ахийри, улар баҳслашишдан чарчаб, бир-бирининг қўлини қўйиб юборишди ва ҳар иккиси ўзи танлаган тақдир сари учиб кетди.
