Инсон ҳаётида унинг ҳаётини ва тақдир йўлини белгилайдиган қарорлар бўлади. Мен ҳам бир неча бор ана шундай муҳим қарорлар қабул қилганман. Баъзан адашганман ҳам. Аммо касб танлашда адашмадим, деб ўйлайман. Ҳамма ҳам болалигида жуда кўп орзулар қилади. Уларнинг кўпчилиги ўткинчи ҳавас, ўзгаларга тақлид сифатида намоён бўлиши мумкин. Аммо ҳақиқий ҳаёт йўлини белгилайдиган орзу инсон юрагида мустаҳкам ўрнашар экан.
Тақдири азал деганлари эҳтимол шудир. Кечагидек эсимда. Талаба эдим. 2013-йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факултетининг 4-босқичида ўқиб юрган кезларим. Талабалар шаҳарчасидаги бекатда автобус кутиб турардим. Одамларнинг газета ва журналлар ўқишга иштиёқи баланд бўлганлиги боис Тошкентда матбуот нашрлари сотиладиган дўкончалар кўп бўларди.
Мен болалигимдан матбуот нашрлари ўқишни яхши кўрардим. Шунинг учун бундай дўкончалар ёнидан ҳеч қачон бефарқ ўтиб кетолмасдим. Ўша куни бекатдаги дўкончада бир газетага кўзим тушди. Унинг илк саҳифасида форма кийган аёлнинг расми бор экан. Негадир юрагим орзиқиб кетди. Тикилиб қарасам, «Постда» газетаси экан.
Дўкончи амакидан шу газетани олиб варақлай бошладим. ИИВ муассислигида нашр этиладиган бу газета менда катта қизиқиш уйғотди. Уни сотиб олиб, талабалар ётоқхонасига қайтдим ва ҳар бир саҳифасини диққат билан ўқиб чиқа бошладим. Шунда ичимда мудраб ётган бир истак бош кўтаргандек бўлди. Катта ҳаёт йўлидаги энг муҳим мақсадимни англагандек эдим гўёки.
Болалигимдан шеър, ҳикоя ва мақолалар ёзиб юрардим. Дорилфунунни битиргач, матбуот соҳасида ишлашни истардим. Ушбу газета мақсадимни янада аниқлаштирди. «Мен Тошкентда қолиб, эгнимга ички ишлар органи ходими формасини кийиб, газетада ишлайман», – дея аҳд қилдим. Бу менинг ҳаётимдаги энг муҳим қарор бўлди.
Ота-онамга ниятимни айтганимда, улар бир оз иккиландилар. Чунки ҳар бир ота-она фарзандининг ўз бағрида бўлишини истайди. Онам ўқитувчи бўлганликлари боис фарзандларидан бири шу касбни давом эттиришини хоҳлардилар, албатта. Аммо улар истагимга қарши чиқмадилар. Аксинча, мени ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар.
Университетни тугатгач, оила қуриб, ИИВ Бирлашган таҳририятига бориб иш ўргана бошладим. Ушбу даргоҳдаги малакали ва тажрибали устозлардан ижодий сабоқ олдим. Ижтимоий мавзуларда мақолалар ёзиш мен учун қийин эмасди. Аммо ички ишлар органлари фаолияти ва ҳуқуқий мавзуларда мақолалар ёзишга қийналардим. Таҳририят журналистларидан бу борада кўп нарса ўргандим. Аммо ўша пайтда жамоада бўш ўрин бўлмаганлиги боис устозларим менга ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД муассислигида чоп этилаётган «Вақт-Время» газетасида ишлашни маслаҳат беришди.
Мана, 6 йилдан буён ана шу газета таҳририятида фаолият олиб бормоқдаман. Оддий лейтенантликдан капитан даражасигача эришдим. Мен учун қадрли бўлган «Постда-На посту» газетасида ҳам мақолаларим чоп этиб борилади. Ҳамон ушбу даргоҳдаги устозларимдан ҳам ижодий, ҳам ҳаётий масалаларда маслаҳатлар олиб тураман. Бунинг учун ҳаммаларидан бир умр миннатдорман.
«Постда-На посту» – отахон газета. Севимли нашр чоп этилаётганлигига яқинда 95 йил тўлади. Бу салкам бир аср дегани. Газета ижодкорлари замон билан ҳамнафас. Шунинг учун ушбу нашр муштарийлар кўнглидан жой олган. Фурсатдан фойдаланиб ИИВ Бирлашган таҳририяти жамоасини тарихий сана билан қутлайман. Уларга янгидан-янги ижодий ютуқлар тилайман.
Хадича ЎТАЕВА,
«Вақт-Время» газетаси мухбири, капитан.
