Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида атоқли адибимиз, она тилимизнинг зукко билимдони, заргари, жасоратли ҳимоячиси Абдулла Қаҳҳор «Нима учун кўча ҳаракати қоидаларини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?» дея куйиниб ёзган эди.

Мана, ўшандан кейин салкам олтмиш йил ўтди. Бу орада она тилимиз мустақил мамлакатнинг давлат тилига айланди. Унинг ривожини таъминлаш, нуфузини ошириш борасида бир қатор ҳам амалий, ҳам ҳуқуқий чоралар кўрилди. Лекин, очиғини тан олишимиз керак, ҳамон тилимизни бузаётганларга ҳеч ким ҳуштак чалаётгани йўқ.

Узоққа бориб ўтирмайлик. Ноширлик соҳасини олайлик. Чоп этилаётган айрим китоблардаги имловий, услубий, грамматик хатоларни кўриб таъбингиз хира тортади. Баъзи даврий матбуот нашрлари, айниқса, газеталар ҳам бундай камчиликдан холи эмас. Электрон нашрларни-ку гапирмай қўя қолайлик. Болалигимизда газета ва журналларни ўқиб, саводхонлигимиз ошарди. Ҳозир эса, аксинча, чаласавод бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Авваллари китобларда мабодо айрим сўзлар хато ёзилган бўлса, охирида тузатиш илова қилинарди. Энди эса биров бунга эътибор ҳам бераётгани йўқ.

Баъзи радиоэшиттириш­лар ва телекўрсатувларда иштирокчилар томонидан шевага хос сўзларни ишлатиш одатий ҳолга айланган. Бунга ҳам чидаш мумкиндир, лекин ҳатто айрим телешоуларнинг бошловчилари ҳам шевада сўзлашига нима дейсиз?! Ваҳоланки, оммавий ахборот воситаларининг материаллари адабий тилда берилиши кераклиги исбот талаб қилмайдиган қоида.

Тор доирада, ўзаро мулоқотда одамлар одатда ўз шевасида гапириши табиий ҳол. Лекин Оавда, расмий йиғинларда адабий тилда чиқиш қилиши лозим. Чунки бу чиқиш турли шева вакилларига мўлжалланган бўлади, яъни ҳаммага бирдай тушунарли бўлиши даркор. Ахир, ўзбек адабий тили қонун-қоидалари мактабда ҳаммага ўргатилади.

Майли, кўпчилигимиз эга, кесим, гапнинг иккинчи даражали бўлаклари, қўшма гап турлари каби тушунчаларнинг таърифларини унутишимиз мумкин. Буни қайсидир маънода тушунса, кечирса бўлади. Лекин адабий тилда сўзлаш, ёзиш кўникмасини унутишга ўз она тилини ҳурмат қиладиган ҳеч бир кишининг маънавий ҳаққи йўқ. Қолаверса, мактабда ўзбек тили фани ўқитилишидан асосий мақсад ҳам ана шу кўникмани шакллантиришдан иборат эмасми?

Шу ўринда она тилига ҳурмацизликнинг яна бир кўриниши устида тўхталмасак бўлмас. Бу нутқимизда бошқа тилларга хос, айниқса, русча сўзларни аралаштириб ишлатишдир. Хусусан, ёшлар ўзаро гап­лашганда, «зато», «даже», «уже», «почти», «конечно», «братан», «братишка», «крутой», «шеф», «окей» каби сўзлар тез-тез қулоғингизга чалинади.

Хўш, она тилимизда бу сўзларнинг муқобили йўқми? Бор, албатта (конечно эмас). Ҳатто (даже эмас) бундан ҳам нозик маъноларни ифодалай оладиган сўзу ибораларимиз бисёр. Фақат, афсуски, айрим ёшларимизнинг сўз бойлиги ниҳоятда ғариб. Чунки кам китоб ўқийди. Ёки шунақа гапиришни ўзича замонавийлик белгиси деб ҳисоблайди.

Хўш, она тилимизни бузиб гапираётганларга ким ҳуштак чалади? Авваламбор, ҳар бир одам тил қоидасини бузиши билан ўзи ҳуштак чалиб, ўзини огоҳлантириш керак. Қолаверса, ОАВ вакиллари ушбу соҳадаги камчиликларга беэътибор бўлмаслиги лозим.

Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида алғов-далғовли воқеалар туфайли юртимиздан бош олиб кетган ватандошларимизнинг ўзбекча сўзлашига ҳеч эътибор берганмисиз? Ёки «Ўткан кунлар» филмидаги Отабек, Юсуфбек ҳожининг қандай лутф билан гапиришини эсланг. Тилимизнинг ўша таровати, латофати қулоғимизга хуш ёқади, дилимизни яйратади. Бобомерос, асрлардан асрларга ўтиб келаётган она тилимизни эъзозлаш, асраб-авайлаш, унинг ўша таровату латофатини сақлаб қолиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Бобомурод ТОШЕВ.