Шаҳар дарвозаси ёнида бир чол ўтирарди. Шу ердан ўтиб кетаётган саёҳатчилардан бири унга яқинлашди. Йигитнинг узоқдан келаётгани кўриниб турарди.
– Мен бу жойда ҳеч қачон бўлмаганман ва унинг урф-одатларини билмайман. Айтинг-чи, отахон, бу шаҳарда қандай инсонлар яшайди? – сўради у қариядан.
– Сен келаётган шаҳарда қандай одамлар истиқомат қиларди? – жавоб бериш ўрнига савол билан мурожаат қилди чол.
– У ерда жуда баджаҳл ва худбин кишилар кўп эди ва мен ҳеч афсусланмай шаҳарни тарк этиб келдим.
– Аттанг, йигитча, лекин бу ерда ҳам худди шундай инсонларни учратасан.
Бир қанча вақт ўтиб, бошқа бир саёҳатчи қарияга яна айнан ўша саволни берди. Чол ҳам ундан илгари яшаган диёридаги одамлар ҳақида сўради.
– У ердаги аҳоли жуда меҳмондўст, бағрикенг ва меҳрибон эди. Уларнинг кўпи билан қалин дўст бўлиб кетгандим ва у ердан кетиш мен учун анча қийин кечди.
Қария юзига табассум югуриб:
– Бу ерда ҳам худди шундай инсонларни учратасан, – деди.
Ўз маҳсулотларини шу шаҳарга олиб келаётган савдогар ҳар икки суҳбатнинг гувоҳи бўлибди ва ҳайрон бўлиб қарияга мурожаат этди:
– Сиз икки кишининг бир хил саволига турлича жавоб қайтардингиз. Нега?
– Ҳар бир инсоннинг қалб олами ўзига хос. Агар кимдир илгари яшаган жойидан ҳеч бир эзгулик топа олмаган бўлса, бу ердан ҳам топиши даргумон. Кимки дўстлари даврасида бахтиёр яшаган бўлса, бу ўлкада ҳам яхши инсонлар меҳридан баҳраманд бўлади. Чунки ҳар ким ички дунёси қандай бўлса, атрофдаги одамларни ҳам худди шундай қабул қилади.
