Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм салоҳиятини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, туристлар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг ташриф учун хавфсиз мамлакат сифатидаги имижини шакллантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар олиб борил­моқда.

Хусусан, соҳага оид қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ қилинмоқда. Натижада юртимиз туризм соҳаси миллий иқтисодиётнинг устувор йўналишларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда. Соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида тарихий обидаларимиз ва бошқа хушманзара жойларимизга ташриф буюрувчи чет эл ва маҳаллий сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Ҳар бир мамлакат ту­ризмининг ривожланиши хорижий валюта оқими, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда кичик ва ўрта бизнес салоҳияти кенгайиши ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсишига хизмат қилади. Пировардида инфратузилма ривожланади, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи яхшиланади. Хорижий тиллар ва миллий меросни билиш орқали аҳолининг маданий савод­хонлиги юксалади. 

Ўзбекистонда туризм ҳақида сўз борганда, бирин­чи навбатда, Самар­қанд, Бухоро ва Хива каби ЮНЕССО Бутунжаҳон ме­роси рўйхатидан ўрин олган шаҳарлар кўз олдимизга келади. Юртимиздаги ҳар бир шаҳарни бориб кўриш учун юзлаб сабаб топиш мумкин. Тошкент, Қўқон, Андижон, Шаҳрисабз ҳам замонавий қиёфадаги, бағрида кўплаб тарихий обидалар жо бўлган ҳудудлардир.  

Юртбошимиз раислигида ўтказилган ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳалари­ни жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видео­селектор йиғилишида сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм хизматлари экспорти 

1,6 баробарга ошиб, 3 миллиард 500 миллион долларга етгани таъкидланди. Ушбу соҳада 2 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субектлари иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди.

Туризм ва сервис инфрату­зилмаси жадал ривожланиши натижасида сўнгги саккиз йилда туризм соҳасига 6 миллиард 500 миллион доллар сармоя киритилиб, 130 мингта меҳмон ўрни очилди. Мамлакатда 20 та туризм қишлоғи фаолият кўрсатяпти. Бўстонлиқ туманида «Амирсой», «Угам Ривер» курортлари, туризм зона­лари ташкил этилди. Паркент туманидаги «Олтин бел» чўққисида янги халқаро тоғ-чанғи зонаси барпо этиляпти. Буларнинг барчаси, жумладан, мамлакатимизнинг тарихи, маданияти ва бой табиати сайёҳлар келишини 

2–3 карра кўпайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда.  

Тошкент вилояти­нинг Бўстонлиқ туманидаги «Чорвоқ дарвозаси» маж­муаси туризмни ривожлантириш учун истиқболли масканлардан бири ҳисобланади. Яна бир лойиҳа Яшнобод туманида океанариум қуришга қаратилган. Янги сайёҳлик обекти 20 гектар майдонни эгаллайди. Унинг ёнида савдо-меҳмонхона мажмуасини қуриш режалаштирилган бўлиб, бу 1,6 мингта иш ўрни яратиш имконини беради. Шу билан бирга, Чорвоқ сув омбори қирғоғида 10 та кичик зоналарга бўлинган халқаро сайёҳлик марказини қуриш режалаштирилмоқда. 

Ички туризмнинг ривожланиб бориши натижасида статистика маҳаллий сайёҳлар сони 23 миллион нафарга етганини кўрсатмоқда. Лекин ҳалигача бошқа вилоятларга саёҳатга бормаганлар кўп топилади. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан ҳар ойнинг бир шанба-якшанбаси «Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни», деб эълон қилинди.

Тарихнинг энг муҳим аҳамияти – у ўтмишимиздан сабоқ бериб, умуминсоний қадриятлар ва юксак маънавият тимсолида бунёдкорлик ва эзгуликка қараб интилишни, ҳеч қачон ёвуз­лик билан мақсадга эришиб бўлмасликни, ҳар қандай вазиятда ҳам тари­хий ҳақиқат билан ёндашишни ўргатади. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшлар ўртасида турли йўналишларда мусо­бақалар ўтказилиб, ғолибларга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўлланмаси совға қилинмоқ­да. Бу келажак авлоднинг ҳам соғлом бўлишига, ҳам тарихий илдизларимиз бўлмиш обидаларни ўз кўзи билан кўриб, маънавий озуқа оли­шида катта замин бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, «Ўзбекистонда яна бир кун саёҳат» дастури амалга оши­рилмоқда. Унга кўра, вилоятлараро туризм обектларини ўзаро боғловчи «рес­публика туризм ҳалқалари» ҳамда туман ва шаҳарлар ўртасида «ҳуду­дий туризм ҳалқалари» ташкил этилмоқда. «Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат» дастури амалга оширилмоқда. Маса­лан, баҳор ва куз фаслларида экологик, экстремал, тиббий ва соғломлаштириш, ёзда сув ҳавзалари ва оромгоҳлар, қишда экстремал туризм ва тоғ-чанғи зоналарининг имкониятлари тарғиб қилинади. Мазкур туризм мавсумлари­нинг очилиши учун фестиваллар ташкил этилиши ҳам сайёҳлар оқимини оширади.

Ички ва ташқи туризмни ривожлантириш мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва ижтимоий трансформациясида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи туризм йўналиши сифатидаги мавқейини мустаҳкамлайди. Бу борада яна бир муҳим масала сайёҳлар хавфсизли­гини таъминлашдан иборатдир. Ички ишлар вазирлиги Транспорт ва туризм обектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида юртимизга келаётган сайёҳларга ўзларини хавфсиз сезиши учун барча зарур шароитлар яратилган.  

Хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича яратилган тизим туристик жойларда ҳамда ту­ристлар томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш учун фаол фойдаланилаётган темирйўл ва ҳаво-транспорт инфратузилмаси обектларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар­нинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларини ўзида бирлаштиради.

Сайёҳлик обектлари ҳудудида ходимларга хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар турли масалаларда кўмак сўраб мурожаат қилишади. Камида 2–3 та хорижий тилни биладиган ходимларнинг хушмуо­малалик билан ўз вақтида кўрсатилган амалий ёрдамлар доирасида сайёҳлар­нинг йўқолган ҳамёни ва бошқа буюмлари топилиб, ўз эгаларига қайтарилмоқда. Бу ҳам ходимларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар­нинг натижаси аслида. Ушбу саъй-ҳаракатларга муносиб жавоб сифатида сайёҳлар­нинг миннатдорлик сўзлари ходимларнинг беминнат хиз­матларига берилган муносиб баҳодир. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, туризм соҳасини ривожлантириш, биринчи навбатда, дунё ҳамжамиятида юртимизнинг мавқейи­ни мустаҳкамлайди. Чет эл инвесторлари учун янги имкониятлар ва ишончли ҳамкорлик эшикларини очади. Республикамизнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари барқарорлигига, аҳоли даромадлари, банд­лиги ва тадбиркорлиги каби кўрсаткичларнинг яхшилани­шига омил бўлиб, хизматлар соҳасининг янада такомиллашувига замин бўлади. 

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.