ИИВ Малака ошириш институти Бектемир базасида ўқув-йиғини тингловчиларининг маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими ходими Оллоёр Бобонов иштирокида ижодий учрашув бўлиб ўтди.
О.Бобоновнинг Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари етук сиймолар, уларниг юрт мудофааси ва она Ватан равнақи йўлида олиб борган буюк хизматлари ҳақида келтирган тарихий мисоллари тингловчиларни мозийга қайтишга ундаган бўлса, шоир Бобур Бобомуроднинг Ватан, ота-она, севги-муҳаббат, оқибат мавзусида айтган шеърлари йиғилганларнинг эътирофига сазовор бўлди.
– Бугунги учрашув чин маънода тарих ва адабиёт кечасига айланди, – дейди 15 гуруҳ тингловчиси Жаҳонгир Йўлдошев. – Унда айтилган ҳар бир фикр ва ибора биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўйлаймизки, бу каби ижодий учрашувларнинг доимий ўтказилиши келгуси хизмат фаолиятимизда албатта, ижобий самарасини беради.
Шерзод АБДУСАМАДОВ,
«Постда» мухбири.
