Қисқагина умри давомида номи ўзбек театри тарихи зарварақларига муҳрланган илк ўзбек актрисаси Турсуной Саидазимова 1911 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келган.
У ўн тўрт ёшида ҳаваскорлар труппасига қўшилади. Ўша вақтда ҳукумат томонидан ўзбек театрини ривожлантириш мақсадида актёрлар сабоқ олиш учун Москвага юбориларди. Турсуной Саидазимова ҳам 1924–1927 йилларда Москва ўзбек драма студиясида ўқийди. 1927 йилдан Ўзбек драма труппасида актрисалик фаолиятини бошлайди. У кўплаб спектаклларда қўшиқ ҳам куйлаган. Актрисанинг ҳамкасблари ёқимли овози учун уни «Ўзбек булбули» деб ҳам аташган. Турсуной Саидазимова драматург ва шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг талабаси бўлган.
У қисқа умри давомида ўзбек ва чет эл драматургиясидан ёрқин образлар яратди. Николай Гоголнинг «Ревизор»ида Мария Антоновна, Карло Гоцсининг «Маликаи Турандот» асарида Турандот, Карло Голдонининг «Икки бойга бир малай» комедиясидаги Клариче образларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Турсуной Саидазимова Ғулом Зафарийнинг «Ҳалима» мусиқали драмасида Ҳалима образини яратиш билан ўзбек мусиқали саҳна ижрочилигида янги саҳифа очди дейиш мумкин. Афсуски, унинг ҳаёти фожиали якун топди. 1928 йилда 17 ёшли актриса Бухородаги гастролъ сафари чоғида ўз турмуш ўртоғи томонидан ўлдирилади. Ўлимидан сўнг Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий унга атаб «Турсуной марсияси»ни ёзган.
Шерзод АБДУСАМАДОВ тайёрлади.
