Маънавият ва маърифат дарси
Она Ватанимиз ўзининг илм-у тафаккури, қолдирган бой адабий ва илмий мероси билан жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалари билан маълум-у машҳурдир. Улар ҳақида сўз кетганда, бутун ҳаёти ва фаолиятини Ислом дини равнақи ҳамда ривожига бағишлаган бобомиз Имом ал-Бухорийни биринчилардан бўлиб ҳурмат-эҳтиром ила ёдга оламиз.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуфий ал-Бухорий милодий 810-йил 20-июлда таваллуд топган. Имом Бухорий болалигидаёқ отаси вафот этиб, онаси тарбиясида ўсган. У ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, айниқса, ҳадис илмини катта қизиқиш билан ўрганади. Ўн ёшидан Бухородаги турли ривоятчилардан эшитган ҳадисларини, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Вакий каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб, ёдлаган, устози Шайх Доҳилий билан ҳадис ривоятчилари ҳақидаги қизғин баҳсларда иштирок этади.
825-йили Муҳаммад онаси ва акаси Аҳмад билан Ҳижозга қараб йўл олади, муқаддас шаҳарлар ҳисобланмиш Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, олти йил Ҳижозда яшайди. Ўша давр илм-фани марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод шаҳарларида яшаб, машҳур олимлардан ҳадис билан бир қаторда, фиқҳ илмидан ҳам таҳсил олади, етук олимлар даврасида илмий баҳс-мунозараларда қатнашиб, илм толибларига сабоқ ҳам беради.
Термизлик машҳур муҳаддис Абу Исо ат-Термизий Имом Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош ҳисобланиб, уларнинг ўзаро муносабатлари жуда илиқ бўлган. Узоқ йиллар Шарқнинг турли мамлакатларига сафар қилганидан кейин умрининг охирида Имом Бухорий (863–868-йиллари) Нишопурда яшаб, мадрасада толиби илмларга ҳадис илмидан дарс берган. Ўша пайтда Нишопур Шарқнинг энг йирик илмий марказларидан бирига айланганлиги сабабли кўплаб машҳур олимлар шу ерда тўпланган эдилар. Имом Бухорий Имом Термизий билан ҳам айнан Нишопурда учрашиб қолади. Она диёримиздан етишиб чиққан машҳур икки муҳаддис ўртасида унутилмас, қизғин илмий баҳслар, кўпгина ижодий, дўстона учрашувлар бўлиб ўтган.
Имом Бухорий нафақат йирик олим, балки гўзал хулқ-одоб соҳиби бўлган. У зеҳни ўткирлиги ва ёдлаш қобилиятининг кучлилиги билан халқ орасида ғоят катта шуҳрат қозонган. Манбаларда Имом Бухорийнинг 600 мингга яқин ҳадисни ёд билгани қайд қилингани ҳам бу фикрларнинг далилидир.
Имом Бухорий хориждан қайтгач, ўз ватани Бухорода кўплаб шогирдлар ва уламоларга ҳадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлган. Кўпчилик уни ҳурмат қилган, аммо табиийки, баъзи ҳасадгўйларнинг хатти-ҳаракати туфайли Бухоро амири Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳалий билан Имом Бухорий ўртасидаги алоқа бузилиб қолади. Шу сабабли амир фитначи, бўҳтонкор кишиларнинг гапига кириб, Имом Бухорийга шаҳарни тарк этишини буюради. Шундан кейин Бухорий Самарқандга қараб йўл олади ва бир муддат Хартанг қишлоғида ўз шогирдлари ва қариндошлариникида яшагандан кейин оғир касалликка чалиниб, (милодий 870-йил 1-сентабрда) 60 ёшида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.
Имом Бухорий бизга бой ва жуда қимматли илмий мерос қолдирган бўлиб, унинг ёзган асарлари йигирмадан ортиқдир. Бунга мисол тариқасида «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ», «Ал-Адаб ал-Муфрад», «Ат-тарих ас-сағир», «Ат-тарих ал-авсат», «Ат-тарих ал-кабир», «Китоб ал-илал», «Бир ул-волидайн», «Асоми ус-саҳоба», «Китоб ал-куна» ва бошқаларни айтиб ўтиш мумкин.
Буюк алломанинг энг машҳур асари, шубҳасиз, «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» ҳисобланади. Бу асар «Саҳиҳ ал-Бухорий» номи билан ҳам машҳурдир. Унинг аҳамиятли жиҳати шундаки, Имом Бухорийгача яшаб ўтган аксар муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларни танлаб ўтирмай киритаверганлар. Имом Бухорий эса ҳар бир ҳадисни эшитиб ёзиб олишдан олдин унинг ровийларини кимлигига, тақвосига, шариатга амал қилиш-қилмаслигига ҳамда диний ва дунёвий адолатига жуда қаттиқ эътибор берган. Ривоят қилишларича, Имом Бухорийга нотаниш бўлган бир ҳадис етиб келибди. Унинг ровийси эса Имом Бухорийнинг турган жойидан бошқа ерда экан. Имом Бухорий шу ҳадисни санадини ва саҳиҳлигини у ровийдан сўраб билиш учун узоқ масофани босиб, унинг уйига келган экан. Аммо бу ровийни далага, ўзига тегишли бўлган ерга чиқиб кетганини айтади. Имом Бухорий унинг даласига йўқлаб борса, қочиб кетган отини ушлаб олиш учун этагини қайириб, худди ем солингандек кўрсатиб, отни чақираётган экан. Имом Бухорий: «Бу инсон тилсиз жониворни алдаб турибди, ундан нимани кутиш мумкин», дея ундан ҳадис тингламасдан ортига қайтиб кетган экан.
Кейинчалик бошқа олимлар ҳам унга тақлид қилиб, шу зайлда ҳадислар тўпламини яратганлар. Имом Бухорийнинг ушбу йирик асари ёзилганига тахминан 1200 йил бўлди. Ўша даврдан бошлаб шу вақтгача у Ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба ҳисобланади. Имом Бухорийнинг ушбу асари дунёнинг кўплаб шаҳарларига тарқалган.
Тўпламнинг 1325-йилда кўчирилган саккиз жилддан иборат гўзал бир нусхаси ҳозир Истанбулда сақланмоқда. «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ»га кўпгина шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида қайта-қайта нашр ҳам қилинган. Имом Бухорийнинг тўпламларига киритилган ҳадислар фақат Ислом таълимотига тегишли умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Улар меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқкўнгиллик, ота-онага, аёлларга ва катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир-бечораларга ҳиммат, Ватанга муҳаббат, меҳнацеварлик ва ҳалолликка даъват этиш каби ҳақиқий инсоний фазилатлар ва намунали тартиботлар мажмуасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқларида:
«Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг Ислом ва жаҳон сивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган «Саҳиҳи Бухорий»нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифати Ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик» деган Имом Бухорийни ва у киши бизларга қолдирган улуғ маънавий меросни асраб-авайлаш ҳамда ўрганиш, шунингдек, ёш авлод вакилларига ўргатиш борасидаги таъкидлари бугунги кунда динимиз моҳиятини тўғри тушуниш ҳамда унинг ғоя ва таълимотларини халқимизга тўғри етказишда катта аҳамият касб этади.
Кези келганда таъкидлаш лозимки, Президентимиз ташаббуси билан 2017-йилда фаолиятини бошлаган мазкур Халқаро илмий-тадқиқот маркази мусулмон дунёси буюк мутафаккирларининг бой мероси, уларнинг жаҳон сивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси ва илм-фан тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро муносабатларда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётга интилиш каби динимизнинг асл қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш ва уларни садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро миқёсдаги ҳамкорлик ҳамда ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.
Марказ Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг улкан илмий ва диний меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш орқали халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш сингари долзарб вазифаларни амалга ошириб келаётир. Шунингдек, «Жаҳолатга қарши – маърифат» ғояси асосида Ислом динига нисбатан содир этилаётган асоссиз хуружларнинг олдини олиш, диний ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм, миссионерлик, сохта тариқатлар ва жамоаларнинг мақсадлари, ғоявий-ақидавий негизлари, замонавий кўринишлари ва фаолият усулларини ўрганиш ва уларга қарши курашнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётда қўллаш учун тавсия этишда ҳам марказ жамоаси хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Ватанни севиш, илм-ҳунар сирларини эгаллаш, омонатга хиёнат қилмаслик, ҳалоллик ва ростгўйлик каби инсоний фазилатларни улуғловчи ҳадислар неча асрлар ўца-да, қимматини йўқотмай, аксинча ҳаётимизда тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
Шерзод АБДУСАМАДОВ тайёрлади.
