Янгиланаётган Конституция

Маълумки, жорий йилнинг 30 апрелида «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини лойиҳаси  бўйича референдум ўтказилади.

Янгиланаётган Конституция лойиҳасининг 50-моддаси олтинчи қисмида таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбияни таъминлаш кафолатланиши кўзда тутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, алоҳида таълим олишга муҳтож бўлган шахсларнинг инклюзив таълим олишини доимий кафолатлаш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олишини англатади.

Бундан кўзланган мақсад янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойилини амалга ошириш орқали, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, шу жумладан, ногиронлиги бўлганларни қўллаб-қувватлашдир. Шу тариқа уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланади, ҳимоя қилинади. Шунингдек, таълим муассасалари шароитларини имконияти чекланган болаларнинг манфаатларини ҳисобга оладиган даражада яхшилаш орқали ногиронлиги бўлганлар учун барча даражадаги таълим ва касбий-техник тайёргарликдан тенг фойдаланиш имконияти яратилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган 21 230 нафардан зиёд бола учун республикамизда 90 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, енгил даражадаги ногиронлиги бўлган 18 000 нафарга яқин ўқувчилар мактабларда соғлом болалар билан биргаликда ўқишмоқда.

Мамлакатимиз аҳолиси сони йилдан йилга кўпаяётган бир пайтда, афсуски, ногиронлиги бўлган болаларимиз сони ҳам ортиб бормоқда. Улар ҳам соғлом болалар каби умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ногиронлиги бўлган болаларимизга зарур шарт-шароитлар яратилиши керак. Жумладан Брайл ёзувидаги дарсликлар, сурдо таржимон ўқитувчилар бўлиши шарт. Агар тегишли шароитлар яратилмаса, ушбу тоифадаги болаларнинг ҳуқуқи камситилишига олиб келади.

Юртимизда бундай болалар учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши ва енгил даражадаги ногиронлиги бор болалар соғлом болалар билан биргаликда ўқиши таъминланиши зарур. Бу масаланинг Асосий қонунимизда кафолатлаб қўйилиши айни муддао бўлади. Негаки, ногиронлиги бўлган бола ҳам юртимиз фарзанди. Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлардан инсон қадрини улуғлаш ва юксакликка кўтаришдек эзгу мақсад кўзланган.

 

Илҳом СУВАНОВ,

фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори(Пҳд).