Узоқ саҳро бағрида бир қишлоқ бўлиб, унда жуда кичик сув манбаига эга водий бор экан. Табиийки, қишлоқда сув энг қимматли неъмат ҳисобланарди. 

Аҳоли унинг ҳар бир томчисини қадрлар, тежаб сарфлар ва буғланиб кетмаслиги учун қуёш тафтидан асрарди. 

Кунлардан бирида шу ердан ўтиб кетаётган йўловчи водийда тунаб қолибди. У маҳаллий аҳолининг сувга бўлган кучли эҳтиёжини кўриб, уларга раҳми келибди, ёрдам бериш қўлидан келмагани учун ачинибди. Эртаси куни у йўлида давом этибди. 

Йўловчи чўлу биёбонлар оша юриб борар экан улкан бир саройга кўзи тушди. Ичкарига кириб, саройнинг ҳашамати ва гўзаллигидан кўзлари қувнаб кетди. Уни энг ҳайратга солган нарса – ўзаро уйғунлик касб этган улкан боғ ва фаввора эди.

Ҳалиги киши сарой соҳибидан сўрабди: 

– Бу масканда чиндан ҳам бир қарашда кўринганидек сув кўпми? 

– Ҳа, шундай. Саройимда сув тўлиб-тошиб оқадиган фаввора ва шаршаралар бор. Бу сизни нега қизиқтириб қолди? 

– Биласизми, бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда қашшоқ бир қишлоқни кўрдим. У ерда сув деярли йўқ. Аҳоли ҳар бир томчини тежаб ҳаётга кечиришга мажбур. Сув улар учун ҳаётдаги энг муҳим нарса. Нега саройингиздаги сувни улар билан баҳам кўрмайсиз? Менимча, бу сизга унчалик қийинчилик туғдирмайди, одамлар эса жуда миннатдор бўларди. 

Сарой эгаси бир муддат сукутдан сўнг шундай деди: 

– Агар мен бу қишлоққа сув берсам нима бўлади, биласизми? Тўғри, биринчи сафар, миннатдорлик билдиришади. Иккинчи сафар бу туҳфани табиий ҳолат деб қабул қилишади. Учинчи сафар эса бу ерга келиб, мендан сув талаб қилишни бошлайдилар. 

Рус тилидан 

Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.