Маънавият ва маърифат дарси
Ҳар йили 10-декабр – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида кенг нишонланади. Чунки БМТ Бош Ассамблеясининг 1948-йили айнан шу кундаги резолюциясига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. Мазкур ҳужжатда ҳар бир инсоннинг ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар, ажралмас ҳуқуқлари эълон қилинган.
«Инсон қадри» тушунчаси – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланишини ҳам ўзида қамрайди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида қайд этилганидек, «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар». Конституциямизнинг 13-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принсипларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади».
Президентимиз томонидан илгари сурилган «Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди», деган шиор ҳаётимиз қоидасига, принсипига айланди. Аввало, инсон қадри тикланди. Инсон ҳуқуқлари таъминланди. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги борасидаги барча тўсиқлар олиб ташланди. Муқаддас динимизга нисбатан салбий қарашларга барҳам берилди. Диний эътиқод учун таъқиблар тугатилди. Тарихда илк бор ноҳақдан айбланганлар оқланди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўтказилди. Қийноққа солиш, жазо муддатини сунъий узайтиришга бутунлай чек қўйилди. Мамлакат қамоқхоналарида йигирма, йигирма беш, ўттиз йил давомида ётган маҳбуслар озодликка чиқарилди. Халқимизга меҳр-оқибат, инсонийлик, аҳиллик, асосийси, қадр туйғуси қайтди.
Ўзбекистон жаҳон минбарларидан илгари сурган халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилгани учун халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу фикримизни 2017-йил сентабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббуслар асосида сўнгги йилларда БМТ Бош Ассамблеясининг 5 та резолюцияси қабул қилингани яққол исботлаб турибди. Бмтнинг 75 йиллик бутун тарихи давомида муайян бир шахснинг ташаббуси билан шунча резолюция қабул қилиниши тажрибаси кузатилмаган.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон «ҳуқуқий давлат» деган тамойил ҳам қатъий қилиб белгиланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар кўпайтирилди. Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланди. Шунингдек, Конститутсияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Жумладан, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши, айбланувчи ва судланувчиларнинг «сукут сақлаш» ҳуқуқи мустаҳкамланди. «Инсон қадри учун» тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлиги белгилаб қўйилди.
Албатта, ҳар бир инсоннинг қадрланиши ўша эл-юрт бахтини, саодатини белгилайди. Халқ билан мулоқот тизимининг йўлга қўйилганлиги, мантиқсиз «прописка» тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши, давлат хизматларини кўрсатишда экстерриториаллик принсипининг жорий этилганлиги, мансабдорларнинг доимий ҳисобот бериб бориши, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган талабларнинг белгиланганлиги, мажбурий меҳнатга барҳам берилиб, аҳолининг қанчадан-қанча мушкули осонлашгани каби бир қатор мисоллар фикримиз далилидир.
Кейинги даврда янгиланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, мамлакатимизда камида 15 йил давомида яшаб турган ва доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан тўғри фуқаролик берилишининг янги тартиби ўрнатилди.
Бундан ташқари, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг 2024-йилгача фуқаросизликка барҳам бериш бўйича Глобал ҳаракатлар режасига кўра, Ўзбекистонда туғилиш ҳолатларини ялпи рўйхатга олишни таъминлаш мақсадида чақалоқларни, шу жумладан, ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ота-оналардан туғилган болаларни расмийлаштириш амалиётига ўзгаришлар киритилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида ижобий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, энг муҳими, ана шу шиддатли ўзгаришларнинг марказида инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи тургани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, мамлакатда гендер тенгликка эришиш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида муҳим ютуқлар қўлга киритилгани юқори баҳоланмоқда. Айниқса, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотнинг устувор тамойиллари ва ғоялари БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларининг «Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик» шиори билан ҳамоҳанг эканлиги жаҳон афкор оммаси томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Яқинда Президентимизнинг Ички ишлар органлари ва фахрийларига йўллаган байрам табригида «Ҳозирги кунда «Барча ислоҳот ва ўзгаришлар – инсон қадрини улуғлаш учун» деган эзгу тамойил асосида бутун юртимизда фуқароларимиз учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга қаратилган улкан ишлар амалга оширилмоқда», деб қайд этиши ҳам юқоридаги фикрларимиз тасдиғидир.
Албатта, ички ишлар органлари хизматининг асл мақсади ҳам инсон қадрини улуғлашга, унинг тинч ҳаётини таъминлашга қаратилган. Президентимиз ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига байрам табригида: «Мисол учун, Буюк Британиянинг Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан ўтган йили эълон қилинган рейтинг кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон жаҳоннинг 121 та мамлакати орасида энг хавфсиз давлат деб тан олинди. Бундай ютуқ бизга мамнуният бағишлаш билан бирга, катта масъулият ҳам юклайди», – дея таъкидлаган эдилар. Бу – кеча-ю кундуз тиним билмай хизмат қилаётган ходимлар меҳнатига берилган юксак баҳо ҳамдир.
Хуллас, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда.
Шуҳрат Рўзиев,
ўз мухбиримиз.
