Бир киши йўлда кетаётиб, олов ичида қолган илонга кўзи тушибди ва уни аланга исканжасидан қутқаришга қарор қилибди. Шу он илон дабдурустдан уни чақиб олибди. Эркак чидаб бўлмас оғриқ таъсиридан илонни силтаб ташлаб юборибди. Жонивор тўлғонганича яна олов ичига тушибди. Шунда ҳалиги киши қўлига бир темирни олиб, илон томон узатибди ва уни барибир қутқарибди.
Бир четда ҳайрат билан кузатиб турганлардан бири ундан сўрабди: «Бу илон сени чақиб олди, нега шунга қарамай унга яна ёрдам кўрсатдинг?»
Халоскор шундай жавоб қилибди: «Чақиш бу – судралиб юрувчиларга хос бўлган жиҳат. Уларнинг мижози шундай. Лекин ушбу ҳолат менинг ёрдам беришга бўлган истагимни сўндирмаслиги, яъни менинг мижозимни ўзгартирмаслиги лозим».
Қиссадан ҳисса: кимдир сени яралагани ёки қалбингга озор етказгани учун ўз борлиғингдан кечма. Ёмонлик таъсирида хатога йўл қўйиб, гўзал қалбингни асло заҳарлама! Шунчаки душман ёки рақибларга қарши эҳтиёт чорасини кўришни унутма ва зинҳор ўзлигингни йўқотма!
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
