Шу боис, бугунги кунда «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» консептуал ғояси асосида ходимлар онги ва қалбида она Ватан тақдири, унинг порлоқ келажаги, тинчлиги, хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашга масъуллик туй­ғусини ошириш, инсонийлик ва миллий қадриятларни улуғловчи фазилатлар эгаси бўлишига кўмаклашиш, энг муҳими, ҳар қандай оғир ва мураккаб вазиятда ҳам қасамёдига содиқ қолувчи, юрти учун жонини фидо қилувчи ходим бўлиб етишишларини таъминлаш учун бир қатор тарбиявий ва маънавий-маърифий ишлар олиб борилмоқда.

Қачонки соҳа ходимлари маънавий-маърифий ва сиёсий жиҳатдан етук, миллий ва умуминсоний қадриятлар, демократик тамойиллар ҳамда фуқаролик жамияти асосларини ҳар томонлама пухта ўзлаштирган, эркин фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятли, мафкуравий иммунитетга эга, замонавий таҳдид ва хуружларга нисбатан ҳушёр ва сергак, бир сўз билан айтганда, ўз соҳасининг онгли билимдони бўлса, бундай шахсий таркиб зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифани, шубҳасиз, кўнгилдагидек уддалайди.

 Аммо, афсуски, баъзан тизимда касбига меҳри бўлмаган, вазифасига масъулияциз ёндашувчи айрим ходимларнинг номуносиб хатти-ҳаракатлари туфайли бутун соҳа ходимлари шаънига иснод келтириш ҳолатлари учраётгани ҳам сир эмас. Айниқса, бугунги ошкоралик, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларининг фаоллашгани натижасида бундай нохуш ҳолатлар тезда кенг оммага тарқалиб кетаётгани ҳам барчамизга маълум.

Шу боис вазирлик раҳбарияти томонидан бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга, уларга нисбатан кескин чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки бир ходимнинг битта ножўя ҳаракати, қилмиши, эрта-ю кеч тиним билмай ўз вазифасини бажараётган бутун шахсий таркибнинг, халқимизга садоқат билан хизмат қилаётган ҳалол, пок, фидойи ходимларнинг шаънига доғ туширади. Энг ёмони, халқимизда ички ишлар ходимларига нисбатан салбий фикр уйғотиб, соҳа имижига, мисқоллаб топаётган обрўсига путур етказади.

Шунинг учун хизмат интизомини бузувчи ходимларни барвақт аниқлаш, айниқса, соҳани тамагирлик, порахўрлик иллатларига, коррупсияга аралашган ходимлардан тозалаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар мунтазам равишда, режали тарзда олиб борилмоқда. Албатта, бунда ўрганувчи ва текширувчи масъуллар томонидан ходимларнинг шахсий ҳуқуқ ва манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймасликка, ҳолат юзасидан адолатли қарор қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратиляпти. Негаки, ҳар бир ходим муайян таълим муассасаларида ўқиган, муайян муддат соҳада ишлаб етарли тажрибага эга бўлган мутахассис ҳисобланади. Қолаверса, уни ўқитиш учун давлат маблағи сарфланган, тарбиялашга устозлар меҳнати, тажриба орттиришига эса йиллар сарфланган. Шу боис ходимга нисбатан олинган ҳар бир маълумот, аввало, синчковлик билан ўрганилишига алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, жамоадаги муҳитнинг шаффоф бўлмаслиги, раҳбар ва ходим ўртасидаги низоли муносабатларнинг пайдо бўлиши ҳам шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийлик бузилишига сабаб бўлувчи салбий омиллардан ҳисобланади. Шу боис раҳбарлар томонидан ходимларнинг хизмат фаолиятига асоссиз равишда аралашиш, тўсқинлик қилиш ёки бевосита (билвосита) таъсир ўтказишга уриниш қатъиян ман этилади. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда, бунга йўл қўйган мансабдор шахслар белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортилади. Шу билан бирга, ходимлар билан етарли даражада тарбиявий ишлар олиб бормаган раҳбар ходимлар фаолияти салбий баҳоланган тақдирда, улар моддий ва маънавий рағбатлантиришга тавсия этилмайди.

Албатта, маънавий-маърифий ишлар бўйича бевосита масъул раҳбарлар ходим билан ҳужжатларда белгиланган маънавий-маърифий, профилактик ва бошқа тегишли тадбирларни ўз вақтида амалга оширганлиги тасдиқланган бўлса, ходим салбий ҳаракатини содир этган вақтда масъул раҳбар касаллик ёки бошқа турдаги таътилда ёхуд хизмат сафарида бўлса, ходим салбий ҳаракатини охирги зарурат, зарурий мудофаа шароитида ёки руҳий бузилиш ёки касаллиги туфайли амалга оширганлиги тасдиқланса, раҳбар жазога тортилмайди.

Очиғи, ходимларнинг хизмат интизомига қатъий риоя қилиши ва қонунийликни таъминлаши, аввало, уларнинг жамоатчилик орасида ўзини тутишига, қандай хизмат ўташига боғлиқ. Агар ходим фуқаро билан мулоқотга киришишдан олдин ўзини белгиланган тартибда таништирса, махсус кўкрак нишони бўлса-да, фуқаро ундан хизмат гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилса, унинг талабини бажарса, ўртада низо пайдо бўлмайди. Худди шундай, ходим томонидан фуқарога нисбатан қўполлик қилиш, тазйиқ ўтказиш, қўрқитиш каби салбий хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаса, унга нисбатан ариза ва шикоят келиб тушмайди.

Албатта, фуқаро мастлик ҳолатида бўлган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёки фаол қаршилик кўрсатган тақдирда, ўзи ёки махсус гуруҳ билан бирга охирги зарурий чора сифатида фуқарога нисбатан мутаносиб равишда жисмоний куч ишлатиш ёки бошқа махсус воситаларни қўллаш орқали вақтинчалик ушлаб, энг яқин ички ишлар органларига етказиш чоралари кўрилади ва зудлик билан тўғридан-тўғри раҳбариятга ахборот берилади. 

Бир сўз билан айтганда, «Ватан учун, миллат учун, халқ учун» кеча-ю кундуз тиним билмай хизмат қилаётган ходимларнинг кўчада юриши, кийим кийиш тартибига риоя қилиши, фуқаролар билан муомаласидан тортиб, барча ҳаракати эл назарида. Шукрки, бу кунлар машаққатлар ортидан келадиган шарафли кунлар ҳисобланади. Мустақиллик байрами арафасида юртимизнинг юксак мукофотларига муносиб кўрилган ҳамкасбларимизнинг бир қатор орден, медал ва олий даражадаги махсус унвонлар билан тақдирлангани бунга яққол мисол, десак, сира муболаға бўлмайди.

Ғайрат АБДУЛЛАЕВ,

подполковник.