Ишоқхон Жунайдуллахўжа ўғли Ибрат маърифатпарвар шоир, забардаст тилшунос, тарихшунос олим, илк ўзбек матбаатчиларидан бўлиб, 1862-йилда Наманган яқинидаги Тўрақўрғон қишлоғида туғилган. Ўз фаолиятини педагог сифатида қишлоқда маърифат тарқатиш билан бошлади.
Тўрақўрғонда янги усул мактабини очган, ўз қишлоғида «Матбааи Ишоқия» номли литография ташкил қилган. Ишоқхон Ибрат янги мактаблар очиш, ўқитувчилар тайёрлаш, аёлларни илм-маърифатли қилиш ишларида фаол қатнашган.
Ибрат чин қалбдан ўз халқининг илмли, маърифатли бўлишини истади. Кейинги 20-йил ичида 14 та илмий-тарихий, лингвистик асар ёзди. 30 йиллик поэтик ижодининг мажмуи бўлмиш «Девони Ибрат» шеърлар тўпламини тузди. Тарихшуносликка оид «Тарихи Фарғона», «Тарихи маданият» ва «Мезон уз-замон» илмий асарларини яратди.
Минг уч юзу йигирма олтида чопмахона,
Очмоқға бўлди рухсат ва сўз бериб замона.
Мақсад бу ишдин эрди оламға илм қасри, –
Ҳам қўймоқға асарлар ёд овози жаҳона.
Касбу камол ислом бўлмай тараққиятда,
Ҳолиға тушмасун деб этдук буни баҳона.
Биздин кейингилар кўп илму ҳунар топарлар,
Ҳайфоки анда биз йўқ, эътимодхона.
Оламдин ушбу она сонсиз кишилар ўтди,
Мингдин бири қўюбдур оламға бир нишона.
Мен катта бой эмасдим ким айласам бинойи,
Даҳлим етишмас эрди рўзғори, чою нона.
Сад хайфким ғанилар сарфини билмадилар,
Еб-ичтилар семуруб сиғмай туруб чофона.
Ўз асримизда ўтти бир неча ағниёлар,
Қолдурмайин нишона ер остин этти хона.
Бу санга катта Ибрат ҳушёр бўлки, кетти,
Эмди санга келурму кетган у ота-она.
