Ислоҳотларнинг
ҳуқуқий асоси
«Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосидаги Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида «Инсон қадри учун» тамойили устувор. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти «Инсон – жамият – давлат» деган ёндашув билан бойитилди. Хусусан, унинг моддаларида инсон ҳуқуқлари ҳимояси, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолат мустаҳкамлаб қўйилган. Бу жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида шу йўналишдаги янгиланиш, ўзгаришлар кенг миқёсда давом этажагини англатади, албатта. Бу йўлда Президентимиз таъкидлаганидек, ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият.
Давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, давлат ва жамият қурилиши тизимида фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, фуқаролик жамияти, яъни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни мустақил ҳал қилишга бўлган ҳуқуқлари кенгайтирилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, адолат ва қонун устуворлигини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятимизни кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш учун қонуний асос бўлиб хизмат қилади.
Сифатли таълим – тараққиёт кафолати
Глобаллашув шароитида замонавий, сифатли билим беришга асосланган таълимгина мамлакатнинг рақобатдошлигини таъминлайди. Мазкур жараёнда ностандарт, креатив ва танқидий фикрлаш, юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган мутахассисларга талаб ортади. Бу ўз-ўзидан таълим сифатини оширишдек муҳим вазифани юзага келтиради.
Юртимизда кейинги йилларда таълим сифатини ошириш, ёш авлодга замон талаблари асосида шароит ва имкониятлар яратиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, илгари тажрибамизда бўлмаган Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди.
Ўтган йили мамлакатимизда 72 та янги мактаб қурилди, 279 таси капитал таъмирдан чиқарилди, 514 та мактаб эса реконструксия қилинди. Мактаблар учун 30 мингдан ортиқ компютерлар харид қилинди. Жорий янги ўқув йилидан ўқувчиларимизга хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассиси дарс бермоқда. Бошланғич синф ўқувчилари илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган янги дастур ва дарсликлар бўйича ўқишни бошлади.
Тиббий хизмат сифати ошиб, тиббий маданият юксалмоқда
Инсон соғлом бўлса, жамиятнинг тўлақонли иштирокчисига айланади. Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятан шу мақсадга қаратилган, десак, тўғри бўлади.
Мамлакатимизда бирламчи тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш, тиббиёт муассасалари шароитини яхшилаш, соҳа ходимларини рағбатлантириш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини
ошириш, касалликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш мақсадида кенг қамровли ишлар йўлга қўйилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, охирги 5–6 йилда ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш марказлари сони 10 тадан 24 тага, уларнинг ҳудудий филиаллари 2 тадан 270 тага етди. Марказлар томонидан амалиётга татбиқ қилинган янги ташхислаш ва даволаш усуллари сони 260 тадан 2 минг
84 тага ошди. Шунингдек, айни пайтда тиббиёт муассасаларида хирургия йўналишида қўшимча 27 турдаги, эндокринологияда 7, кардиологияда
14 турдаги юқори технологик амалиётлар жорий этилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, юртдошларимиз мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун хорижга сарсон бўлиб бормаяпти. Шу ернинг ўзида керакли даво чоралари қўлланилмоқда. Бу борада хорижий ёки республика марказларининг мутахассислари билан телетиббиёт орқали маслаҳат, консултациялар ҳам олиб бориляпти.
Бундан ташқари, соҳани халқимизга янада яқинлаштириш мақсадида ҳудудларда оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар тармоғини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йил бошидан буён 46 та оилавий шифокорлик пункти, 35 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, 250 минг нафар аҳолига бирламчи тиббиёт яқинлаштирилди. 2023–2024-йиллар давомида қўшимча 1 минг 373 та тиббиёт муассасасини ташкил этиш режалаштирилган.
Халқ билан мулоқот
Бугун давлат идоралари раҳбар ходимлари кабинетдан чиқиб, аҳоли билан мулоқот қиляпти, халқнинг дардини эшитиб, фуқаролар мурожаатлари «маҳаллабай», «хонадонбай» кесимларида ҳал этилмоқда. Жойларда мутасадди раҳбарлар иштирокида ўтказилаётган сайёр қабуллар эркин мулоқот майдонига айланиб улгурди. Шундай тадбирларда бандлик, йўл қурилиши, ичимлик суви, электр ва иссиқлик таъминоти сингари қатор йўналишлардаги муаммолар атрофлича ўрганилмоқда. Уларга ечим топилиб, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, турмуш фаровонлигини ошириш бўйича амалий ишларга ўтилмоқда.
Шу ўринда, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳаётбахш ислоҳотлар самарадорлигини оширишда МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспекторидан иборат маҳалла бешлигининг ҳамжиҳатликдаги фаолияти ислоҳотларнинг муҳим «драйвери» бўлаётганини таъкидлаш жоиз.
Хулоса ўрнида
«Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинлиги таъминланишини назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз». Юртбошимизнинг ушбу сўзлари ҳаётий ифодаси турмушимизда содир бўлаётган эврилиш, янгиланишларда тобора ёрқинлашиб бормоқда. Мамлакатимизда ислоҳотлар тизгинида инсон қадри олий қадрият сифатида улуғланмоқда. Бу дунёга юз очган Янги Ўзбекистон тараққиётида янги саҳифалар очилишига хизмат қилиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Гулноза Турғунбоева,
ўз мухбиримиз.
