Яқинда ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлиги штаб бошлиғининг ўринбосари, подполковник Р. Алиқулов ҳамда тарбиявий ва мафкуравий ишларни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Ш. Баротов Навоий шаҳридаги 7259-ҳарбий қисмда бўлиб, шахсий таркиб томонидан ҳарбий интизом талабларига қай даражада амал қилинаётганини текширишди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларга бугунги кунда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга берилмаслик кераклиги уқтирилди. Бундай ўйинлар турли нохуш вазиятларга олиб келиши мумкинлиги ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
Шундан сўнг шахсий таркиб билан давра суҳбати ўтказилди. Мутасадди офисерларга ҳарбий қисмда соғлом ахлоқий ва руҳий муҳитни қарор топтириш, барча бўғиндаги раҳбарларнинг ўз хизмат вазифасига масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.