Жонажон юртимизда кечаётган мислсиз тараққиёт, зафарларга монанд менинг ҳаётимда ҳам олға силжишлар, ўзгаришлар юз берди. Мактабда ўқиб юрган кезларимда ички ишлар тизимида фаолият кўрсатиб, мустақиллигимизни жон-жаҳдим билан ҳимоя қилиш ҳамда тинчлик-осойишталигимизни кўз-қорачиғидек асрашни мақсад қилгандим. Аслида, юрт посбони бўлишдек шарафли касбга қизиқишимга отам Фахриддин Ҳасанов сабабчи бўлган. У узоқ йиллар вилоят ИИБ тизимида самарали фаолият кўрсатган ва ҳарбий кийим кийишимга қизиқиш уйғотган. Шу боис 2011-йилнинг август ойида ички ишлар органларига ишга кирганман. Дастлабки хизмат фаолиятимни ёнғин хавфсизлиги тизимида сафдор ходимликдан бошладим. ИИВ Академиясида сиртқи таълим очилгач, биринчилардан бўлиб ҳужжат топширдим. Ниҳоят, 2022-йили узоқ кутилган натижага эришдим: 11 йил олдин отамга берган ваъдамнинг устидан чиқдим. Бугун мен шу юртда яшаётганимдан, севимли касбимда фаолият юритаётганимдан фахрланаман.
Айни пайтда вилоят ИИБ Ташкилий бошқарма Юридик таъминлаш гуруҳи катта юрисконсулти лавозимида хизмат қилаяпман. Келажакда илмий иш қилиш ниятим бор.
Қисқаси, мустақиллик бизга осуда ҳаёт, ўз фикримизни эмин-эркин ифодалаш, билим ва тажрибани ошириш, жамият учун нафи тегадиган мутахассис бўлиш, эл-юрт равнақи йўлида, буюк келажагимизни кўзлаб, ҳалол меҳнат қилиш имконини берди. Шундай экан, бундай имкониятлардан фойдаланган ҳолда, шу муқаддас юртимиз учун муносиб ўғлон бўлишга интилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Муҳриддин ҲАСАНОВ,
катта лейтенант.
Бухоро вилояти.
