Маънавият ва маърифат дарси

Милодий 809–813-йилларда Хуросон, Мовароуннаҳр ва Хоразмда сиёсий фаолиятини амалга оширган ал-Маъмун буюк бир ишга қўл урди. Яъни, уйғониш даврини бошлаб берувчи «Байтул-ҳикма» («Донишмандлар уйи»), ҳозирги тилда айтганда, Фанлар академияси фаолиятига асос солди. Унинг илмий фаолиятини бошқаришга хоразмлик қомусий аллома Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ва буюк олим Аҳмад ал-Фарғоний тайинланди.

Хоразмий (783–850) қадимдан фан ва маданият ўчоғи бўлган Хоразм воҳасида дунёга келиб, ёшлигидан турли илмларга бутун борлиғи билан қизиққан, айниқса, табиий фанларни қунт билан эгаллаш унинг асосий машғулотига айланган эди. Дастлабки сабоқни замонининг энг машҳур устозларидан олиб, сўнгра Марв шаҳридаги мадрасада давом эттиради.

Араб, форс, ҳинд ва юнон тилларини мукаммал ўрганиб, ўша тилларда ёзилган илмий асарларни қунт билан мутолаа қилган олим табиий фанларнинг бундан кейинги ривожини таъминлайдиган математика, геометрия, тригонометрия, астрономия, география ва тарих соҳасида самарали ижод қилди. Натижада «Ал-жабр вал-муқобала», «Ҳисоб ал-ҳинд», «Китоб ат-тарих», «Китоб сурат ал-арз», «Китоб ал-амал бил устурлабат» каби етук асарлар дунё юзини кўрди.

Афсуски, буюк аждодимизнинг бизгача фақат ўнтагина китоби етиб келган, холос. Уруш-талашлар даврида башариятга, фан ва маданиятга хизмат қиладиган кўплаб ноёб асарлар йўқолиб кетган. Бироқ ўша ўнта китобнинг ўзи ҳам табиий фанлар, шубҳасиз, математиканинг буюк кашфиётчиси сифатида уни жаҳонга танитди. Математикага оид асарлари иқтисодий, меъморчилик, техника, ирригация ва бошқа кўплаб соҳалар равнақида дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Шу боис ал-Хоразмий номи умумбашарий ва умр­боқийдир. Бундай фарзандни камолга етказган унинг она Ватани Ўзбекистон ҳам жаҳон миқёсида доимо тилга олинишга лойиқдир.

Илк уйғониш даврининг буюк алломаларидан яна бири Абул Аббос ибн Муҳаммад ибн Носир ал-Фарғоний (797–865) ҳам фан, маданият равнақига жаҳоний ҳисса қўшган буюк олимлар сирасидан ҳисобланади. Унинг бутун илмий фаолияти Бағдоддаги Маъмун академияси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, математика, география, астрономия, тарих ва шу каби бошқа кўплаб йўналишларда катта изланишлар олиб борди. Бағдод ва Дамашқ­да астрономия соҳасида буюк кашфиётлар қилинишига хизмат қилган расадхона қурилишига раҳбарлик қилиш шу инсон номи билан боғлиқ. Аҳмад Фарғонийнинг астрономияга бағишланган «Китоб фи усул илм ан-нужум», «Фалакиёт рисоласи», «Ал-Мажитий», «Фарғоний жадваллари», «Устурлоб билан амал қилиш ҳақида», «Ой, ернинг устида ва остида бўлганида вақтни аниқлаш рисоласи», «Етти иқлим ҳисоби», «Устурлоб ясаш ҳақида китоб» асарлари машҳур бўлиб, жаҳоннинг энг йирик илмий-маданий марказларида сақланади. Асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган Аҳмад Фарғонийни европаликлар фахр билан «Ал-Фраганус» деб атаганлар.

Уйғониш даврининг йирик вакили, жаҳон фан ва маданияти тарихида чуқур из қолдирган улуғ аллома Абу Наср Муҳаммад ал-Форобий (873–951) Ўтрор яқинидаги Васиж шаҳарчасида дунёга келиб, Дамашқда вафот этган.

У дастлабки илмни Форобда олиб, катта илм майдонига Бухоро ва Самарқанддаги мадрасалардаги фаолияти давомида кириб келди. Бу илм масканларида даврнинг машҳур устозларидан сабоқ олди. Кўплаб тилларни мукаммал эгаллади. Фанларнинг деярли барча соҳаларини ўзлаштирган Форобий 160 дан ортиқ асарлар ёзди. Риёзиёт, фалакиёт, табобат, мусиқа, фалсафа, тилшунослик ва адабиёт, сиёсацҳунослик соҳасига доир китоблари дунёга машҳур бўлиб, жаҳондаги турли халқлар тилларига таржима қилинди. У ёзган Аристотелнинг «Метафизика асарига шарҳ», «Тирик мавжудот аъзолари ҳақида», «Мусиқа китоби», «Бахт-саодатга эришув ҳақида», «Сиёсат ал-маданият», «Фозил одамлар шаҳри», «Масалалар моҳияти», «Тафаккур юргизиш мазмуни ҳақида китоб», «Фалсафанинг моҳияти ҳақида» ва бошқа шу каби кўплаб асарлари жаҳонда шуҳрат қозонди.

Жаҳон илм фани равнақида яна бир ватандошимиз Абу Райҳон Беруний ўзига хос ўрин эгаллади. У 973-йили Хоразм­да дунёга келди. Унда илмга бўлган фавқулодда қизиқиш она Ватанида шаклланди.

Таниқли олим Ибн Ироқ Абу Райҳон Берунийнинг катта илм майдонига кўтарилишида устозлик қилади. Тақдир тақозосини қарангки, агар ИХ аср бошида илк уйғониш даври олимларини ҳомийликка олган Халифа Маъмун Бағдодда «Донишмандлар уйи» академияси бошқарувини ал-Хоразмий ва Аҳмад Фарғонийларга ишониб топширган бўлса, энди ХИ аср бошида Хоразм пойтахти Кўҳна Урганчдаги илм-фан ҳомийси, хоразмшоҳ Маъмун ташаббуси билан уни бошқариш, номи Мовароуннаҳр ва Хуросонга танилаётган Абу Райҳон Берунийга ишониб топширилади. 1017-йилга қадар фаолият юритган Хоразм Маъмун академиясида машҳур олимларнинг фандаги кашфиётлари ва илмий қиммати дунё тургунча ўз аҳамиятини йўқотмайдиган асарлар яратилади. Бунда Берунийнинг илм-фан соҳасидаги фидойилиги, шунингдек, атрофига тўпланган олимларга ибрат бўлиши муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Берунийнинг 200 га яқин асарлари орасида алоҳида машҳур бўлган «Ҳиндистон» асари Ғазнадаги илмий фаолияти ҳосиласи сифатида 1030-йилда ёзиб тугалланган. Маҳмуд Ғазнавий 1025-йилдаги юришларидан бирида Берунийни ҳам ўзи билан Ҳиндистонга олиб кетади. Ана шу жараёнда ушбу номда яратиладиган асарига ноёб манбаларни тўплайди. Натижада жаҳонга машҳур «Ҳиндистон» асари вужудга келади.

Илм-фаннинг энг юксак чўққиларини забт этган буюк аллома 1048-йили абадият дунёсига дохил бўлди.

ИХ–ХИИ асрлардаги уйғониш даврининг яна бир буюк алломаси Абу Али ибн Сино 980-йили Бухоронинг Афшона қишлоғида таваллуд топди. У дунёга келган Бухоро Шарқнинг маданий марказларидан бири эди. Ибн Синонинг илк устози отаси бўлган. Ҳинд ҳисоби, фалсафадан ўғлига сабоқ бера бошлайди. Айни вақтда у табобат ва мантиқ илмини фавқулодда куч ва интилиш билан ўрганишга аҳд қилади.

Бухородаги нотинч вазиятдан хабар топган Абу Райҳон Беруний Ибн Синони ўзи бошқараётган Маъмун академиясига таклиф қилди. 1001-йилда Беруний таклифини бажонидил қабул қилган Ибн Сино Хоразмшоҳлар пойтахти Кўҳна Урганчга келиб, ўз даврининг машҳур файласуф олими Абусаҳл Масиҳий, табиб Абул Хайр Ҳаммор, ас-Саолибий, математик ва астроном Ибн Ироқ ва бошқалар билан яқиндан танишиб, бутун борлиғи билан илмий фаолиятга киришади. Беруний ва Хоразмшоҳ Маъмун Ибн Сино учун алоҳида қулай шарт-шароитлар яратиб беради.

1017-йилда Хоразмни Маҳмуд Ғазнавий эгаллаб олар экан, бундай ҳукмдорга бўйсунишни истамаган Ибн Сино анча пайт Эрон ҳудудининг турли шаҳарларига кўчиб, охир-оқибат Ҳамадонда қўним топди. Дарбадарлик азобларини бошидан кечирди, фисқ-у фасод, туҳматлар оқибатида зиндонга ташланди. Ана шундай азоблар ва туҳматларни бошидан кечирган Ибн Сино 57 ёшида 1037-йил бу дунёни тарк этди. Аммо шу ёшида ҳам жаҳоний эътирофга эга алломайи замон Ғарбда фахр билан «Авиценна», Шарқда эса «Шайхур раис» номи билан улуғланади.

 

Жумабой РАҲИМОВ,

Жамоат хавфсизлиги университети профессори.