Мамлакатимизда айнан шу мавзуда нуфузли тадбир ўтказилгани ва унда ҳукумат вакиллари, тарихчи олимлар, адабиёцҳунослар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Туркия, Россия Федерацияси, Венгрия, АҚШ, Германия, Нидерландия, Швеция, Япония ва бошқа мамлакатлардан келган таниқли академик ва экспертлар иштирок этгани ҳам ўтган аср бошларида шаклланиб, нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун мусулмон олами ва туркий дунё тарихида чуқур из қолдирган жадидчилик ҳаракатининг аҳамияти нақадар бемисл бўлганини кўрсатади.

Маълумки, ХИХ аср охирларидан маърифатпарварлик оқими сифатида пайдо бўлган жадидчилик ҳаракати ХХ аср бошларидан эътиборан ўзининг тадрижий ривожланиш босқичида янги бир даврга кирди. Бу даврда жадидчилик ўз олдига кенг ислоҳотчилик мақсадларини қўйган ижтимоий-сиёсий ҳаракат даражасига кўтарилди.

Туркистон тараққийпарварлари меросини ўрганишнинг муҳим жиҳати шундаки, улар бундан юз йиллар муқаддам юрт мустақиллиги ва ёш авлодни маърифатли қилиш масаласини олға сурган эдилар. Жумладан, жадидлар ўлканинг тараққиётга эришувини билимли ёшлар қўлида, деб билганлар ва уларни ривожланган мамлакатларга таълим олиш учун юбориш, хорижий тилларни ўрганиш, замонавий илм-фан ва техника билимларини эгаллаш каби масалаларни кўтарганлар.

Жадидчилик ҳаракати вакилларининг илмий ва маънавий меросини ўрганиш бугунги кунда шунинг учун ҳам долзарбки, бу ҳаракат вакиллари истиқлолимиз учун ўша даврдаёқ кураш бошлаганлар. Аввалбошда маърифат соҳасида фаолият кўрсатган жадидлар аста-секин ижтимоий тараққиёт курашчилари сифатида майдонга чиқдилар.

Жадидчилик дастлаб маданий-маърифий оқим сифатида пайдо бўлганлиги табиий, албатта. Чунки илғор мусулмон зиёлилари ижтимоий ва мустамлакачилик зулмининг асосий сабабларини замонавий илм-фан ютуқларидан бехабарликдан ва маориф ишлари­даги қолоқликдан изладилар. Шу сабабли, улар мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ягона йўли таълим ислоҳоти, деб қарадилар ва маърифатпарварлик ғоялари асосида ёш авлодни тарбиялашга асосий эътибор бердилар. Янги усул мактаблари, кутубхоналар очдилар, дарслик, ўқув қўлланмалари ёздилар ва нашр эттирдилар. Айни пайтда улар инсон ҳуқуқлари, миллий, диний, иқтисодий эркинликлар кафолатланган, ҳуқуқий-демократик миллий давлатчиликнинг назарий асосларини яратишга ҳаракат қилдилар.

Шу ўринда савол туғилади: нега бу ўлкада ўша йиллари маърифатчилик ҳаракати ҳар қачонгидан ҳам кучайиб кетди? Негаки, чор Россияси асоратига тушиб қолиб, буткул таназзулга юз тутган ўлкани уйғотишга, халқнинг кўзини очишга фақат маърифат орқалигина эри­шиш мумкин эди. Бироқ ана шундай эзгу мақсадни ўз олдига қўйган жасоратли боболаримиз ҳаёти ва фаолияти давомида кўплаб тақиқ ва таъқибларга учрадилар. Энг ёмони, бу уларнинг ўзларига ҳам, ёзган асарларига ҳам, ҳаттоки яқинларига ҳам бир хилда қўлланилди. Улар оламдан ўтганига бир неча ўн йиллар бўлса-да, бобомерос асарларини ўқиб-ўрганиш, уларнинг миллий ўзликни англаш, истиқлол ва давлатчилик ғояларидан баҳраманд бўлиш имконсиз эди.

Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида ва фалсафий тафаккурида муҳим аҳамиятга молик бўлган маърифатпарварлик-жадидчиликни холисона ўрганиш зарурияти унинг «тақиқланган мавзу» сирасига кирганлиги билан изоҳланади. Бундай фикр билдиришнинг сабаби шундаки, жадидлар томонидан Туркистоннинг равнақини кўзлаб олға сурилган ижтимоий-иқтисодий муаммолар, миллий истиқлол ғоялари шўро тузуми мафкураси «қолип»ига сиғмас эди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг халқимизнинг ижтимоий-фалсафий, адабий-бадиий тафаккури тарихида алоҳида мавқега эга бўлган жадидчиликни ўрганишга катта аҳамият берилди. Жадидчиликнинг пайдо бўлиш сабаблари, тадрижий ривожланиш жараёни, ундаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, миллий истиқлол ғояларини тадқиқ қилишга оид илмий изланишлар олиб борилди. Шуларнинг самараси ўлароқ, илмий асарлар, тўпламлар пайдо бўлди, номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда инсон қадри улуғланадиган адолатли, эркин ва обод жамият, халқпарвар давлат, фаровон ҳаёт барпо этишга қаратилган ислоҳотлар жадид боболаримизнинг эзгу ғоя ва дастурларига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир. Шу боис халқимиз озодлиги ва Ватанимиз равнақи йўлида азиз жонларини фидо қилган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини янгича тафаккур асосида ўрганиш ҳамда тарғиб этишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Хусусан, юртимизда ҳар йили 31-август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида кенг нишонланади. «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ва жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари қаторида, эндиликда Бухоро шаҳридаги тарихий масканда «Жадидчилик тарихи» музейи ташкил этилмоқда.

Тарихнинг бу мураккаб даврига оид илмий ва бадиий асарлар билан бир қаторда, «Тарихнинг номаълум саҳифалари», «Қатағон қурбонлари» номли кўп жилдли хотира китоблари нашр этилмоқда. Бадиий ва ҳужжатли филмлар, кўрсатувлар тайёрланиб, намойиш қилинмоқда. Халқаро конференсиялар, кўргазмалар ва давра суҳбатлари, хотира кечалари, семинарлар мунтазам ўтказилмоқда.

Жафокаш халқимизга миллий ўзлигини англатиш, истиқлолга эришиш ва давлатчилик яратиш йўлида жон фидо қилган атоқли маърифатпарварларимиз ҳукуматимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Истиқлол истаб, юрт қайғусида қатағон қурбони бўлган боболаримизнинг азиз номлари билан аталадиган ёдгорлик мажмуалари, таълим муассасалари, музейлар, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда.

Шу аснода кейинги йилларда Ўзбекистон Олий суди томонидан мингдан зиёд мустабид тузум қатағонига учраган ватандошларимиз номи оқлангани тарихий адолатни тиклаш йўлида янги қадам бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу эзгу ишларнинг давоми сифатида юртимизда ҳар йили август ойини «Қатағон қурбонларини ёд этиш ойи» сифатида ўтказиш, фидойи ватандошларимиз ва уларнинг авлодлари яшаган ва яшаётган хонадонларга ёдгорлик лавҳалари ўрнатиш, уларнинг ворислари ҳамда яқин кишиларига ҳурмат-эътибор кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланаётгани ҳам қувонарлидир.

Келгусида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини биносида «Қатағон қурбонлари хотираси бурчаклари» ва «Маҳалла хотира китоблари»ни ташкил этиш, ҳар йили камида 100 нафар қатағон қурбони ҳамда жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолиятини акс эттирадиган тўплам тайёрлаш режалаштирилгани юқорида айтиб ўтилган хайрли ишларнинг мантиқий давомидир .

Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, Туркистон жадидлари томонидан ўз даврида кўтарилган муам­молар, бугунги кунимиз учун ҳам ўзининг долзарблигини сақлаб келмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари ўринли таъкидлаганидек, «буюк маърифатпарвар боболаримиз томонидан олға сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш билан бирга, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган интилишлар ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат намунасидир. Уларнинг ҳаёти ва жасорати бугунги тинч ва осойишта кунларга осонлик билан эришилмаганини эслатиб, миллий истиқлолимизни, жонажон Ватанимизни кўз қорачиғидай асрашга доимо даъват этиб туради».

Темир ҚУРБОНОВ тайёрлади.