Маънавият ва маърифат дарси
Амир Темур улкан ва қудратли салтанат барпо этиб, илм-фан ва маданиятнинг юксалиши, гуллаб-яшнаши, анъаналарнинг янги тарихий вазиятда қайта тикланиши учун шароит яратди. Соҳибқирон ижтимоий фаолиятининг сермаҳсул натижалари, айниқса маданият соҳасида яққол намоён бўлди.
ХИВ–ХВ асрларда юксак ақлий ва ижодий муваффақиятлар тимсоли сифатида фан, адабиёт, миниатюра, амалий, мусиқа ва томоша санъатлари равнақ топди.
Илм-фан ва маданиятнинг аксар мусулмон оламида янгидан гуркираб ривожланиши Амир Темур номи ва фаолияти билан узвий боғлиқдир. Ўша даврда Марказий Осиёда илм ва адабий фаолият учун қулай шароит яратилганлиги туфайли кўплаб олимлар бу ерда хотиржам яшаб, баракали ижод қилишди.
Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фанга бўлган қизиқишнинг ўсиши маънавий маданиятнинг умумий юксалишига, ишлаб чиқариш ва хунармандчиликнинг ўсишига ёрдам беради.
ХИВ ва ХВ асрлар Марказий Осиё халқларининг илм-фан, санъат, меъморчилик, адабиёт юксак тараққиётга эришган даври ҳисобланади. Темурийлар давридаги юксалишга аслида Амир Темур асосий пойдевор қўйди.
Соҳибқирон Самарқанднинг ободонлигига алоҳида эътибор берди. У забт этилган мамлакатлардан жуда кўп ҳунармандлар, санъат аҳллари ва олимларни Мовароуннаҳрга олиб келади ва мамлакатни обод этишда уларнинг меҳнатидан фойдаланади. Амир Темурда ҳар бир зафарли воқеани, қувончли ҳодисани муҳташам меъморий обида барпо этиш билан нишонлаш одати бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистондан олиб келинган юзларча моҳир ғишт терувчилар, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда гўзал иморату иншоотлар бино қилишган. У онаси Такинабонуга атаб Кешда Оқсаройни бунёд эттирди. Ушбу саройнинг пештоқига «Агар бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг» деган машҳур ёзув битилган. Бундан ташқари, Самарқанд ва бошқа ҳудудларда ҳам жуда кўплаб меъморий иншоотлар, масалан, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда, Аҳмад Яссавий мақбараси ва Зангиота мажмуалари Амир Темур томонидан қурдирилган.
Самарқанддаги қурилишлар тўғрисида гап кетганда, шаҳар атрофи Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан юритилувчи олтита дарвозали мустаҳкам янги қалъа девор билан ўраб чиқилади. Шаҳар аркида Темурнинг қароргоҳи Кўксарой, Туман оға масжиди ва мақбараси, Амир Темур жоме масжиди, Ўлжаойим хонақоҳи, Амир Темур ва Темурийлар мақбараси (Гўри Амир) каби обидалар бино қилинган.
Темурийлар даврида мадрасаларда илоҳиёт билан бир қаторда, дунёвий фанлар: қонуншунослик (фиқҳ), мантиқ, математика (риёзиёт), геометрия (ҳандаса), фалакиёт (илми ҳайъат), тиббиёт, шеърият (илми аруз), араб тили ва бошқа фанлар ҳам ўқитилган.
Темурийлар силсиласида муҳим ўрин тутган Мирзо Улуғбек мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётини бошқариш билан бир қаторда, илмий ишлар билан ҳам шуғулланади, олимларнинг мунозараларида фаол қатнашади. Улуғбек Мовароуннаҳр шаҳарларини, хусусан, Самарқанд ва Бухорони илму маърифат даргоҳига айлантиришга интилади. Унинг фармони билан 1417 йил Бухорода, 1417–1420 йилларда Самарқандда ва 1433 йилда Ғиждувонда мадрасалар қад кўтаради.
Астрономия ва математика соҳасида эришилган буюк муваффақиятлар Темурийлар давлатига катта шуҳрат келтирдики, бу шуҳрат, биринчи навбатда, Улуғбек номи билан боғлиқдир. Мирзо Улуғбек ўз замонасининг етук олимлари: Қозизода Румий, Али Қушчи ва Ғиёсиддин Жамшидлар билан бирга фаолият юритган.
Мирзо Улуғбекнинг устози бўлган Қозизода Румий мадрасада дарс беришдан ташқари, илмий иш билан ҳам шуғулланган, расадхонада кузатишлар олиб борган. У астрономия ва математика бўйича бир қанча машҳур асарлар яратди. «Шарҳ ашкол ат-таъсис» асарида Румий самарқандлик олим Шамсиддин ибн Муҳаммад ас-Самарқандийнинг геометрик рисоласига изоҳлар битган. Иккинчи машҳур асари «Шарҳ ал-мулаххас фи-л-хаяли-л-нужум» хоразмлик олим Маҳмуд ибн Умар ал-Чағминий рисоласига ёзилган шарҳдир. Қозизода шу асар асосида Улуғбек мадрасасида астрономиядан дарс берган.
Улуғбекнинг замондошларидан яна бири Жамшид ал-Кошийдир. Коший математика соҳасида анча салмоқли ва илмий жиҳатдан қимматли ютуқларга эришди. Унинг рисолаларидан «Мифтоҳ ал-ҳисоб» ва «Рисола ал-муҳитийя» ҳам Улуғбек кутубхонаси учун ёзилган.
Улуғбек «Зиж»и муқаддимасида тилга олган Самарқанднинг учинчи йирик олими – Аловуддин Али ибн Муҳаммад Қушчидир. Улуғбек у ҳақда катта меҳр ва самимият билан гапириб, Али Қушчи сарой қушчисининг ўғли бўлишига қарамай, уни «садоқатли фарзандим» деб атайди. Али Қушчи Улуғбекнинг тиришқоқ ва содиқ шогирди эди. Али Қушчи Шарқ ва Ғарб фанларини бир-бири билан боғлади.
Шундай қилиб, Темурийлар даври илм-фани ва маданияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган Мирзо Улуғбекдан келгуси авлодларга «Рисолаи Улуғбек», «Тарихи арбаъ улус» «Зижи Улуғбек», «Зижи Султоний», «Зижи жадиди Кўрагоний» асарлари мерос қолган.
Амир Темур давлатининг маънавий ҳаётида қўлёзма ва нафис китоб санъати алоҳида аҳамият касб этган. Папирус, пергамент ва қоғоз қўлёзма китоб учун асосий ашё ҳисобланган. Хусусан, қўй, эчки, бузоқ ва оҳу терисидан тайёрланган пергамент қадим замонлардан буён кенг қўлланиб келинган.
Қадимги Шарқ сивилизациясининг ворислари бўлмиш Амир Темур ва Темурийлар даври Марказий Осиё халқлари қўлёзма санъатини ривожлантиришда аждодлар тажрибасидан фойдаланишган, уни сезиларли даражада бойитишган. Қўлёзма китоб хаттот, наққош, музаҳҳиб, рассом ва саҳҳоф сингари қатор усталар ижодининг уйғунлигидир. Китобда кўк, қизил, яшил, тилла ранг кўпроқ ишлатилган. Унвон (титул) чўзиқ, ярим юмалоқ, тўғри бурчакли қубба шаклида бажариларди.
Султон Али Машҳадий, Мир Али Табризий, Мир Али Ҳиравий, Мир Имода ва бошқаларнинг гўзал фрагментлари нақшчи-рассомлар томонидан дабдабали безатилиб, улар айрим ажойиб миниатюраларга қараганда анча қиммат туради. «Хаттотлар шоҳи» Султон Али Машҳадий, Ҳирот миниатюра мактабининг асосчиси Камолиддин Беҳзод ва китоб нақш устаси машҳур наққош Мавлоно Ёрий бадиий қўлёзма дурдоналарини яратиш устида ишлаган юзлаб усталарга устозлик қилишган.
Алишер Навоий «Хамса»сининг Санкт-Петербургда сақланаётган, 1492–1493 йилларда қайта кўчирилган машҳур нусхаси Темурийлар даврининг миниатюраларсиз безатилган бадиий қўлёзмалари дурдоналари сирасига киради.
Қадимий қўлёзмаларнинг муқова намуналари кам сақланиб қолган. «Хамса» қўлёзмаси бизгача ўзининг энг биринчи муқовасида етиб келган бўлиб, уни Султон Али Марвий ишлаган.
Мусиқа маданияти. Амир Темур ва Темурийлар даврини, муболағасиз, нафақат ўзбек халқи, балки бутун Яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг мусиқа санъати жадал равнақ топган, камолот чўққисига эришган, чинакам Уйғониш даври бўлган, дейишимиз мумкин.
Темурийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида хонанда ва созандалар расмий-дипломатик, ҳарбий ва бошқа тантаналарнинг доимий қатнашчиларига айланган. Халқ томошалари, оммавий байрамлар уларсиз ўтмас эди. Бу эса, ўз навбатида, мусиқанинг бошқа санъатлар қаторидан муҳим ўрин эгаллашини таъминлади.
Манбаларда келтирилишича, ўзбек халқ мусиқаси қатори ҳарбий-расмий мусиқа турлари, мумтоз мақом санъати, минтақанинг бошқа туркий ҳамда арабзабон, форсийзабон халқларининг мусиқавий фолклари ривож топди. Энг муҳими, мусиқий анжомлар жасорат ва мардлик тимсолларига айланди.
Темурийлар даврига хос бўлган маънавий кўтаринкилик мусиқа санъатининг деярли барча жабҳалари учун кенг имконият яратди: созандалик ва хонандалик, мусиқа таълими, бастакорлик ижоди, мусиқа илми камол топди. Асрлар қаърида шаклланган анъанавий «устоз–шогирд» таълим тизими кенг қулоч ёзди.
Мусиқа устозини ҳаммадан устун қўйиб, «устозлар устози», деб улуғлаган Алишер Навоийнинг ўзи ҳам мусиқий илмга эга бўлиб, бу борада муайян асарлар яратгани маълум. Унинг устози Хожа Юсуф Бурҳон ўз даврининг йирик мусиқашуноси ва бастакори эди. Бастакорлардан Абдулла Марварид, Ҳофиз Шарбатий, Паҳлавон Муҳаммад, хонандалардан Мавлоно Айний, Ҳофиз Қозоқ, созандалардан Ҳожа Камолиддин Удий, Али Кармал, Ҳожа Абдуллоҳ Садр, мусиқий рисолалар муаллифлари Жомий, Биноий, Мавлоно Салимий, Мавлоно Риёзийлар Алишер Навоийнинг яқин дўстлари бўлишган. Бундан ташқари, Темурийлар даврида бастакор ва хонандалардан Абдуқодир Найий, Қулмуҳаммад Шайхий, Ҳусайн Удий, Шоҳқули Ғижжакий, Қосим Раббонийлар ҳам самарали ижод қилишди. Темурийлар даврида Шашмақом, Дугоҳ, Сегоҳ, Чоргоҳ, Панжгоҳ, Ройи Ироқ, Бузрук мақомлари яратилди.
Амир Темур фаолияти, хусусан, унинг бой шахсиятини бадиий адабиёциз тасаввур этиб бўлмайди. Амир Темурнинг давлат сиёсати туфайли туркий тилда ҳам бадиий адабиёт кенг ривожлана бошлади. Темурийлар даврида форсий шеъриятда жаҳонга машҳур Ҳофиз Шерозий, Камол Хўжандий, Салмон Соважий; туркий шеъриятда Саййид Насимий, Сайфи Саройи, Лутфий, Дурбек, Шоҳ Мирзо Ғолиб кабилар яшаб ижод этган. Форс-тожик адабиётининг улуғ намояндаси Абдураҳмон Жомий билан ҳамкорликда Алишер Навоий Ҳирот ва бошқа шаҳарларда маънавият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшди. Алишер Навоийнинг «Хамса», «Чор девон», «Хазойин ул-маоний», «Мажолис ун-нафоис», «Маҳбуб ул-қулуб» сингари жуда кўплаб асарлари адабиётимизнинг ўлмас дурдоналаридир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мемуар асари «Бобурнома» эса бутун Шарқ дунёсининг йирик географик, тарихий, бадиий дурдонаси ҳисобланади.
Бу даврда ўзбек адабиёти, айниқса, Навоий ижоди мисолида адабий жанрлар ранг-баранглиги нуқтаи назаридан ҳам, ғоявий-бадиий камолот жиҳатидан ҳам юксак чўққига кўтарилди. Ўзбек адабий тили шаклланди. Ўзбек назми ва насрида ўзига хос хуросон услуби пайдо бўлди. Бу адабий услубнинг хусусиятларидан бири адабий ва илмий асарларда фикр ифодасида форсий ва арабий сўз ҳамда иборалардан, атамалардан, форсий тилга хос жумла тузилиши қоидаларидан кенг фойдаланишдир.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Амир Темур ва Темурийлар даври маданияти Шарқ халқлари ҳаётидаги Иккинчи уйғониш давридир. Бу даврларда илм-фан, санъат, адабиёт, хаттотлик, амалий санъат юксак даражада ривож топди ва бошқа давлатлар маданиятига ҳам катта ҳисса қўшди.
Ҳусниддин ТОШКЕНБОЕВ,
Темурийлар тарихи давлат музейи ходими.
