Бизнинг танимизда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд каби боболаримиз қони оқмоқда. Биз шунга муносибмиз ва бу муносибликни ҳар дақиқада бутун халқимизга, жаҳон аҳлига тараннум қилишга шошилишимиз керак!

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Ҳар бир халқнинг ўз қаҳрамонлари бўлади. Ватан озодлиги йўлида мардларча курашиб, жонини фидо қилган довюрак саркарда Жалолиддин Мангуберди тарихда ўчмас из қолдирган ана шундай миллий қаҳрамонимиздир.

Жалолиддин ибн Аловуддин Муҳаммад 1198-йилда таваллуд топган. Отаси хоразмшоҳлар мамлакати ҳукмдори Султон Аловуддин Муҳаммад, онаси эса туркман канизакларидан бири Ойчечак бўлган. Жалолиддиннинг бурнида холи (манк) бўлгани учун Манкбурни номи билан аталган. Кейинчалик бу ном талаффузда ўзгариб, «Мангуберди» билан машҳур бўлиб кетган.  

Жалолиддин Мангуберди ҳақида унинг шахсий котиби, тарихчи Насавий шундай ёзади: «Жалолиддин қорачадан келган, ўрта бўйли, турк лафзли одам эди. Форс тилини ҳам яхши биларди. Унинг ботирлигига келганда шуни айтиш керакки, султон арслонлар орасидаги энг кучли шер эди. Бир сўзли, кек сақламайдиган, очиқ кўнгил, тўғри одам эди. У жиддий шахс эди. Ҳеч қачон кулмасди. Жуда нари борса, жилмайиб қўярди. У адолацизликларни ёмон кўрарди. Жалолиддин ўта қатъиятли, ниҳоятда иродали, мураккаб вазиятларда, тақдирнинг қалтис синовларида ўзини йўқотиб қўймайдиган фавқулодда мард ва ботир саркарда эди».

Жалолиддин Мангуберди вояга етгач, отаси уни Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон ҳудудларигача бўлган ерларга ҳоким ва тахт вориси этиб тайинлайди. Бироқ Туркон хотун ва қипчоқ амирларининг қатъий норозилиги боис Қутбиддин Ўзлоқшоҳ фойдасига ворисликдан маҳрум этилган. Жалолиддин Мангуберди отасининг ҳарбий юришларида иштирок этиб, ўзининг жасур жангчи, иқтидорли саркарда сифатида намоён этган.

У Валиён қалъасини қамал қилаёт­ганда Такажук ва Малғур бошчилигидаги мўғул қўшинига ҳужум қилиб, уч кунлик жангдан сўнг уларни тор-мор келтиради. Бу унинг мўғуллар устидан қозонган дастлабки йирик ғалабаси эди.

1221-йили Синд (Ҳинд) дарёси бўйида Чингизхон қўшинларининг илғорини тор-мор келтиради. Бироқ кучи озлиги боис чекинади. 4000 жангчиси билан дарёнинг ўнг соҳилига сузиб ўтиб, чўл ичкарисига кириб кетади. Унинг бу жасоратидан ҳайратда қолган Чингизхон ўз ўғилларига қараб: «Ота ўғил мана шундай бўлиши лозим!» деган. Бу чўл ҳозир ҳам Чўли Жалолий деб аталади.

Шерюрак баҳодир Жалолиддин Мангуберди нафақат Ватан озодлиги ва халқ манфаати йўлида курашган саркарда, балки ислом динини муносиб ҳимоя қилган буюк эътиқод эгаси ҳамдир. Унинг жасоратига Чингизхондай ёвуз босқинчи ҳам лол қолиб, мардлигини тан олгани тарихдан маълум. Жалолиддин Чингизхонга илк бор 19–20 ёшларида рўбарў келган. У 32–33 ёшида вафот этган бўлса, демак, ҳаётининг 11–12 йили мобайнида 48 та жанг кўрган.

Чингизхон қўшинлари ўз юришларида биринчи бор Жалолиддиннинг лашкарларидан енгила бошлаган. Жумладан, тўрт муҳорабада саркарда томонидан мўғул қўшинига қақшатқич зарба берилган. Ўша даврда Чингизхон кўплаб мамлакатларни забт этишга улгурганди. Айниқса, мусулмон халқларида ушбу мўғул қўшинига қарши туриб бўлмайди, улар яъжуж-маъжужлар, деган тушунча пайдо бўла бошлаганди. Жалолиддин Мангуберди мана шу қарашни йўққа чиқарди. Чингизхонга қарши курашиш, унинг лашкарини мағлуб этиш мумкинлигини исботлади. Қалбларда эртанги кунга умид гулханини ёқди. Одамларда ғайрат-шижоатни уйғот­ди. Бу ниҳоятда улуғ жасорат, жуда катта қаҳрамонлик эди.

Энг муҳим жиҳат шуки, Жалолиддин Мангубердининг бошига не бир мусибат тушмасин, фақат ва фақат Ватан деди, унинг истиқлолини, истиқболини ўйлади. У Хоразмшоҳлар вакили сифатида бошқа ҳукмдорлардан паноҳ сўраши, ўз жонини хатарга қўймасдан, бирор саройда яшаб ўтиши ҳам мумкин эди. Бироқ бундай қилмади, озодлик, ҳурлик йўлида курашди: бутун ер юзини титратиб турган Чингизхоннинг кўзига тик боқди, душман устига от сурди. Ватан озодлиги йўлида қон ютди, қон тўкди, жон олди, жон берди. Жасорат ва мардлик тимсоли, қаҳрамон саркарда Жалолиддин Мангуберди мангуликка дахлдор буюк аждодимиздир!

 

Адолат ФАЙЗИЕВА тайёрлади.