Маънавият ва маърифат дарси
Бугун замон янги, қарашлар янги. Яратувчи зот, дея эъзозлаганимиз хотин-қизларнинг онгу тафаккуридаги фикрлар тиниқ, ташаббуслари, инновацион ғоялари ҳам замон билан ҳамқадам илдамлаб бораётир. Буни уларнинг давлат ва жамият қурилишидан тортиб ишлаб чиқариш тармоқлари, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, фермерлик соҳасидаги фаолият кўлами кенгайиб бораётганида кўришимиз мумкин.
Жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган юртимиз аёлларининг бугунги қиёфаси, ҳар қачонгидан баланд шаҳду шижоати кўнглимизда фахр уйғотаётгани ҳам рост. Бу борада Президентимизнинг «Қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, аёллар ҳам фаол ва етакчи бўлишини истайман. Биласизларми, аёл бор жойда барибир адолат, ҳақиқат ва меҳр-муҳаббат ёнма-ён юради», деган сўзлари ҳар биримизнинг қалбимизга ўзгача бир ғурур бағишлайди.
Шу яқин кунларда Бмтнинг Гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал хоним Судялар олий кенгашига ташрифи чоғида тизимдаги гендер тенглик масаласи билан қизиқиб, айни пайтда суд тизимида
123 нафар судя аёл фаолият кўрсатаётгани, улар орасида раҳбарлик лавозимида ишлаётгани ҳам анчагина эканлигини билгач, ҳайратларини яширмади.
Бугунги аёл шиддат билан тараққий этиб, барча соҳаларга сингиб бораётган ахборот-технологиялари билимдонига ҳарф ўргатиб, унинг саводини чиқарган устоз. Инновацион лойиҳалари дунё тамаддунида муҳим эврилишларга айланаётган илғор ихтирочи. Йирик ишлаб чиқариш қувватига эга завод-фабрикалар раҳбари, иқтисодий билимлари бой тадбиркор. Масъулияти оғир, аммо шарафли касб – ички ишлар органлари тизимида эркак ходимлар билан бир сафда туриб, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда уларнинг олдини олиш йўлида фидойилик билан хизмат қилаётган осойишталик посбони. Мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларига хизмат қилувчи қонун ижодкори, депутат. Унинг ҳар бир фикри шу юрт ободлиги, фуқароларнинг фаровон ҳаётининг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётир. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг
48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Сенатда эса бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизи ҳам жонкуяр, фаол аёллардир.
Бугунги кунда ана шундай натижалар туфайли Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-поғонага кўтарилди.
Сўнгги йилларда жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим, масъулияти оғир соҳаларда халқни рози қилишдек улуғ мақсад билан фаолият олиб бораётган аёлларнинг сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Хусусан, бугунги кунда ички ишлар органлари тизимида хизмат олиб бораётган хотин-қизларнинг 1189 нафари офицер, 280 нафари сержант, 926 нафари сафдор, 4944 нафари ишчи-хизматчиларни ташкил этади. Уларнинг 101 нафари айни пайтда турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 350 нафари хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор, 50 нафари психолог-мутахассис сифатида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёллар бандлигини таъминлаш, уларга ижтимоий кўмак бериш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатишмоқда.
Тизимда «полковник» махсус унвонига эга бўлган фидокор аёллар кўпайиб бораётгани эса кўнгилда фахр уйғотади.
Бизнинг теран тарихий илдизларимиз ақл-заковати билан Амир Темурдек саркарданинг меҳр-муҳаббати, ишончини қозонган Бибихоним, ватанпарварлиги, жасорати, мардлиги тарих саҳнида ҳайрат ва ибрат уйғотувчи Тўмарисдек момоларга бориб тақалади. Ўтган йилнинг феврал-март ойларида Сирдарёнинг Боёвут, Бухоронинг Олот, Қашқадарёнинг Қарши, Наманганнинг Тўрақўрғон туманлари ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрига аёл ҳокимлар тайинлангани тарихий воқеа бўлди. Мазкур тайинловларга муносабат билдирган Президентимиз «Ишонаман – аёллар раҳбар бўлган туманларда адолат байроғи бошқача ҳилпирайди. Биз ҳокимликка сайланган раҳбар аёлларимизга доим ёрдам берамиз, елкадош бўламиз. Бундан кейин ҳам катта-катта ташкилот ва компаниялар раҳбарлигига аёлларни тайинлаш ташаббуси давом этади, – дея ҳоким аёлларга юксак ишонч билдирди.
Ҳозирда республикамиз туманлари ижтимоий ва иқтисодий келиб чиқишидан «қизил», «сариқ» ҳамда «яшил» каби рейтингларга бўлинган. Аҳволи жуда ёмон бўлган туманлар «қизил», ўртачаси «сариқ» ва ривожлангани «яшил» деб баҳоланмоқда. Айни дамларда аёллар раҳбарлик қилаётган туманларнинг «яшил» ҳудудга чиқиб олиши аёлларнинг эркаклардан қолишмаслиги, ўз ишини эплай олаётганлигининг исботи бўлиб бўй кўрсатаётир.
2020 йил 29 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан бири эканлигига эътибор қаратди. Жумладан, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор аёллардан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш таклифини билдирди. Шунингдек, Мурожаатномада аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилиши борасидаги тавсиялар берилди. Мазкур тавсияларнинг ижроси юртимиз хотин-қизларининг фаолият майдонидаги имконларига кенг йўл очди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ғояларини юзага чиқариш йўлидаги яратилган ҳуқуқий асослар, янги тузилмалар Бмтнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идораларининг тавсияларига асослангани ҳолда яхлит механизмга айланди.
АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси, Давлат департаментининг Аёллар глобал муаммолари бўйича офиси раҳбари, Махсус топшириқлар бўйича элчи Келли Кюрри Ўзбекистон ҳукумати томонидан гендер тенглигини таъминлаш, аёлларни мамлакат жамоат ва сиёсий ҳаётига кенг жалб қилишни рағбатлантириш борасида олиб борилаётган амалий ишларни юқори баҳолади.
Элчи жорий йил 9 январ куни Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзоси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева билан учрашуви доирасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасида аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини мустаҳкамлашга доир кенг кўламли масалалар, шунингдек, ушбу соҳада ҳамкорликда амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳаларни муҳокама қилди. Бу ҳам мазкур йўналишдаги амалий ишлар кўлами кенгайиб боришидан бир нишонадир.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар туфайли фаол, фидойи оналаримиз, опа-сингилларимиз шу азиз Ватан тараққиёти, равнақи йўлида қайғуриб, ёниқ қалбидаги ташаббуслари рўёбига шайланиб, катта фаолият майдонига кириб келаяпти. Бу истиқболда ўзининг самарасини беради.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Постда» мухбири.
