1992-йил 8-декбрда қабул қилинган Конституциямизнинг асосий тамойили «давлат – жамият – инсон» ҳисобланган. Янги таҳрирдаги Бош қомусимизда эса ушбу тамойил «инсон – жамият – давлат» принсипига ўзгартирилди. Яъни, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлиги эътироф этилди. Асосий қонунимизнинг муқаддимаси «Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принсипларига содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб...» деб бошланиши ҳам юртимизда бундан буён жамият ва давлатнинг асосий мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлашдан иборат бўлишини ифодалайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Конституцияни такомиллаштиришда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи асосий ўринни эгаллади. Амалдаги Конституция хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандартлар ва талабларга ҳар томонлама мос келади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ҳуқуқий мақоми унинг ўзида белгиланди. Асосий қонунимизнинг 15-моддасида «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади», дея белгилаб қўйилди.
Амалдаги қонунчиликда бу қоида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунда ҳам қайд этилган. Қолаверса, бир қатор хорижий давлатлар қонунчилигида Конституциянинг мақомини унинг ўзида белгилаш тажрибаси мавжуд. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади. Бош қомусимизда ушбу нормалар ҳам ўз аксини топган.
Таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидалар демократик конституцияларнинг асосини ташкил этади. Конституциявий ислоҳотларнинг муваффақияти унда турли қатлам вакилларининг манфаатлари инобатга олинишини ҳамда улар томонидан қўллаб-қувватланишини тақозо этади. Бу эса, Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қай даражада кафолатланганлигига боғлиқ.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаб берувчи конституциявий қоидалар, янги Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизимига ушбу конституциявий қоидалар бузилишининг олдини олиш, бундай қоидаларни бузишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мажбуриятларини юклайди. Зеро, Конституция миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, шу кунга қадар эришган барча ютуқ ва марраларимиз, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Биз инсон қадр-қиммати ва манфаатларини таъминлаш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни янги конституциявий маконда янада қатъий давом эттирамиз. Халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқаришимиз ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришимиз лозим».
Хулоса шуки, янги таҳрирдаги Конституциямиз янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштирувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Олимжон СУБАНОВ,
ИИВ Малака ошириш институти
катта ўқитувчиси, подполковник.
