Жорий йилнинг 15-феврал куни Иивда хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва коррупсияга қарши курашиш мавзусида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Мазкур йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифаларни соҳа ходимларига етказиш мақсадида Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

ИИВ Академияси вакиллари, соҳавий хизматлар раҳбарлари, ёш ходимлар, шунингдек, битирув олди малакавий амалиётга жалб қилинган курсантлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этган йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги йилларда ички ишлар органлари тизими тубдан ислоҳ қилиниб, ходимлар фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил этиш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ айрим ходимлар томонидан хизмат интизомининг қўпол равишда бузилаётгани тизимга нисбатан салбий фикрларнинг уйғонишига сабаб бўлмоқда.

Йиғилишда ИИВ Академияси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ҳусниддин Давронов сўз олиб, соҳа ходимларининг касбий, маънавий-ахлоқий ва жанговар-жисмоний тайёргарлигини юксалтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, хизмат интизомини бузган ёки коррупсиявий ҳолатларга йўл қўйган ходимларга нисбатан кескин интизомий чоралар қўлланилаётганини алоҳида таъкидлади. Курсантлар ва ёш ходимларга хизматни юқори масъулият, ватанпарварлик, ҳалоллик билан олиб бориш, ўз номига доғ туширувчи турли ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилиш, Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш юзасидан тавсиялар берди. 

- Эндиликда салбий хатти-ҳаракатлар содир этган ходимни интизомий жазо тариқасида бошқа хизматга ўтказиш амалиётига чек қўйилади. Ходим соҳавий хизмат йўналиши бўйича энг қуйи лавозимга уч ойлик синов муддати билан тайинланиб, синов муддати якуни бўйича навбатдан ташқари аттестасиядан ўтказилади. Аттестасиядан қониқарсиз ўтганларга нисбатан ички ишлар органларидан бўшатиш амалиёти йўлга қўйилади, - деди Ҳ.Давронов.

Шу куни Академия вакиллари вазирлик қошидаги Фарғона академик лисейи ўқувчилари билан ҳам учрашдилар. 

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.