Ҳар сафар фасллар алмашаётган кезларда инсон умрининг ҳам нақадар ўткинчи эканлиги ҳақида ўйлаймиз. Шу маънода, сентабр кузнинг бошқа ойларидан фарқли ўлароқ, жуда кўп жиҳатлари билан ҳар томонлама фарқланиб туриши эътиборлидир.

Айримлар сентабрни кексалик томон қўйилган илк қадамга қиёслашади. Йўлдаги тасодифий ҳамроҳим сентабрни мактабга боришни истамай, зўрға қадам ташлаётган жажжи болакайнинг қўлидан тутиб, судраб кетаётган меҳрибон опага ўхшатганда нималарни ҳис қилгани ёлғиз ўзига аён.

«Сентабрга ҳузун ярашади. Ҳузунимизга эса дуо муносиб», деди бир дўстим Умид билан...

Сентабр ҳар кимнинг тасаввурида ўзига хос из қолдиргани учун ҳам янада аҳамиятлидир.

Баҳорни ёмғирсиз тасаввур қила олмаймиз. Баҳор ёмғирларида ҳатто соябонсиз ҳам қувнаб, яйраш мумкин. Лекин нимага сентабр ёмғирининг кишига таъсири ундан-да кучли? Ахир сентабрда ёмғир ёғаётганда ҳамма рақсга тушмайди. Ёки қувонч ва қайғу ҳақида узундан узоқ ҳикоялар айтадими бизга сентабр ёмғирлари?

Фақатгина қия очилган деразадан ташқарига қараб ёмғирли кунда кўрганингиз – онда-сонда она дарахтни ноилож тарк этаётган яшил барглар, юзларингизга изнсиз урилаётган ёмғир томчилари, қўшни аёлнинг пуштиранг кўйлакда йўлакка чопиб чиққанча қайтиб, қалинроқ кийиниб чиққани ҳамма-ҳаммаси сирли воқеалар сингари кайфиятингизга таъсир қилади...

Ана шундай лаҳзаларда тўсатдан жиринглаган уяли телефонингизни олиб эшитганингиз: энг яқин инсонингиз ташқарида ёмғир ёғаётгани сабаб қалинроқ кийиниб, соябонни олишни унутмаслигингизни эслатгани сабаб ҳам сентябрга меҳрингиз бўлакчадир эҳтимол.

Сентабр ёмғирлари ҳақида фикрини сўраганимда бундан йигирма йиллар олдин уни ёлғончи ошиққа ўхшатган энг яқин инсонларимдан бири «Меҳр сўзланмайди», деганди менга қатъий... Бу жавоб менга жуда манзур бўлган бўлса-да, қандайдир, балки фақатгина мен учун ҳамон мавҳум ва сирлидай туюлаверади...

Шундан буён сентабр кайфият фасли эканлигига ҳар доим ишониб келаман. Бу ишонч шу даражадаки, ҳатто сокин хиёбонлардаги (менинг тасаввуримда) маҳзунлик ҳам менга қувончдан унсиз ҳикоялар сўзлаётгандек туюлаверади.

Ниҳоят хиёбон бўйлаб ёлғиз ва пиёда сайр қиларканман, телефонимдан ҳар доим эшитиб юрадиганим, «Наҳотки яна куз?!», дея бошланадиган шеър сеҳридан яна мутаассир бўламан. Бутун таассурот ва туйғуларим кузнинг дийдорига маҳлиё бўлиб, жозибали овози билан бу фаслни мукаммал тавсифлашга эришган шоира қизнинг ҳайратларига қўшилиб кетади...

Шерзод АБДУСАМАДОВ.