Наврўзни бежизга меҳр-саховат айёми дейишмаган. Қадимдан ёшлар Наврўз кунлари баҳор дарагини бериш учун кексалар истиқболига шошганлар. Совға-саломлар улашиб, уларнинг кўнгилларини кўтаришган.

Бу йилги Наврўз байрамида ҳам Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ҳамда Навбаҳор тумани ҳокими бошчилигидаги саховат гуруҳи нуронийлар ҳолидан хабар олишди. Саҳоват гуруҳи таркибида нафақат мутасадди ташкилотлар, балки жамоатчилик вакиллари ҳам бор эди.

Улар дастлаб туманнинг «Кўхрон» маҳалласида истиқомат қилувчи Бафо бобо Баҳромов хонадонида бўлишди. Сўнг "Қалқонота" маҳалласида яшовчи Ҳасан бобо Ҳайдаров ва "Ялтирабод" маҳалласида истиқомат қилувчи 106 ёшли Мўмина момо Ғаниэвани йўқлашди. Байрам муносабати билан уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Пиру бадавлат отахону онахонлар юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуо қилишди. Илло, шу қутлуғ кунларда кексаларнинг чин дилдан қилган дуолари мустажоб бўлгай.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.