Агар ошиқлиғим айцам, куйиб жон-у жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баён эцам, тақи ул хонумон ўртар.
Кишига ишқ ўтидин заррайи еца, бўлур гирён,
Бўлуб бесабр-у бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар.
Нечук тоқат қилай, дўстлар, бу дард ила бўлуб ҳайрон,
Ғамим бошқа, алам бошқа, юрагимни фиғон ўртар.
Мени бехонумон тинмай куйиб ҳар дам фироқингда,
«Нигоро!» деб отинг айцамки, шавқингдин забон ўртар.
Қай-у тил бирла, эй жоно, сенинг васфинг баён айлай,
Тилим лол-у кўзум гирён, сўнгакларни ниҳон ўртар.
На қаттиғ кун экан, дилбар, висолингдин жудо бўлмоқ,
Менинг оҳим ўтиға бул замин-у осмон ўртар.
Юракда дард-у ғам қат-қатки, менда қолмади тоқат,
Агар бу заррасин бул вақт, десам, ишқи баён ўртар.
Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Унум чиқса юракдин, бу тан-у жон, устихон ўртар.
Бу Машраб дардини, жоноки, ҳеч ким бошиға солма,
Агар маҳшарда оҳ урсам, биҳишти жовидон ўртар.
1918-йилда Қўқон яқинидаги Афғон қишлоғида дунёга келган Муроджон Аҳмедов Қўқондаги «Ёш томошабинлар театри» ва Фарғона театрларида ишлаган. Драма, мусиқали драма ва комедияларда 70 дан ортиқ хилма-хил қаҳрамонлар қиёфасини гавдалантирган. Шунингдек, мақом устаси, баланд авжларни ҳам бемалол айта оладиган кучли, ширали овоз эгаси сифатида қадрланган. Унинг репертуаридан «Бу оқшом», «Ўртар», «Бухоро ироғи», «Жонимда дармон қолмади» каби мақом йўллари, ашула ва катта ашулалар ўрин олган эди.
Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедов 1988-йили Қўқонда оламдан ўтган. Олтин фондда ҳофиз ижро этган ўттиздан ортиқ қўшиқ сақланади.
«Агар ошиқлиғим айцам, куйиб жон-у жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баён эцам,
тақи ул хонумон ўртар...»
Ушбу мисралар билан бошлангувчи қўшиқ оҳангларига қўшилиб, кўз олдимиздан «Ўткан кунлар» кинофилми ўтади. Ушбу кинокартинанинг бош қаҳрамони Отабек, унинг ҳаётини остин-устун қилган айрилиқ, муҳаббати фожиали дардга айланган навқирон йигит, кундек кулган Кумуш-у кундошлик азоби қалбини хуфтон этган, қадрсизлик кўзларини нафратга лиммо-лим тўлдирган Зайнабнинг аччиқ қисмати гавдаланади.
Аслида Бобораҳим Машраб ғазали билан айтиладиган, Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедов ижросидаги «Ўртар» қўшиғи «Ўткан кунлар» филмидан анча олдин яралган. Бироқ ушбу қўшиқ мазкур филмда янграганидан кейин машҳур бўлиб кетган. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур кинокартина 1969-йили суратга олинган. Муроджон Аҳмедовнинг ўғли Фарҳоджон ака шундай эслайди: «Ўшанда отам Қўқон театрида ишлар, актёр ва ашулачи эди. Кино чиқмасидан олдин Бобораҳим Машрабнинг «Ўртар» радифли ғазалига куй басталаб, айтиб юрган эди. Бу қўшиқ кинорежиссёр Йўлдош Аъзамов назарига тушди. Шу тарзда отамизнинг «Ўткан кунлар»даги кичик роли ва ижро этган қўшиғи фавқулодда машҳур бўлди».
Шу ўринда Кумушнинг ҳажрида фиғон чекаётган Отабек чолғучидан «Ҳайдалиш», «Ажралиш» куйларини чалишини илтимос қилиши, ҳофиз умри бино бўлиб, бундай қўшиқни эшитмаганини айтган саҳнани ёдга олайлик. Ўзбек мумтоз қўшиқлари тарихини тадқиқ этган ҳофиз ва профессор Ҳожиакбар Ҳамидовнинг «Ўртар»ни назарда тутиб, «Ўзбекларда яна бир гап бор. Йиғлаб кўришди, деган. Худо раҳмат қилсин, Муроджон Аҳмедов ижро этган бу қўшиқ саси кинога жуда уйғун. Драматик баритон деб таснифланадиган Мурод аканинг овози Отабек ва Кумуш фожиасини талқин қилишга қодир бўлди», дея билдирган мулоҳазалари ижро хусусидаги ижобий фикрлардан биридир.
Бугунги кунда ушбу тарона ёш, умидли хонандалар томонидан ижро этилмоқда. Бироқ «Олтин овоз соҳиби, водий булбули» номи билан машҳур бўлган санъаткор Муроджон Аҳмедов ижроси халқимиз қалбидан чуқур жой олган. Қуйида мазкур қўшиқ сўзларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА
тайёрлади.
