Мутахассисларнинг қайд этишича, мутолаа асабни тинчлантиради, мия фаолиятини яхшилайди, тушкунликка қарши курашишга ёрдам беради, тинглаш, ижодкорлик ва фикрлаш қобилиятларини юксалтиради. Муҳими, мақсадни англашга, қийинчиликларни енгишга ёрдам беради, инсонни гўзаллаштиради, уни яхшилик қилишга ундайди. Ҳатто бирга китоб ўқиш ота-она ва болаларнинг ўзаро муносабатини мустаҳкамлайди.
Юқорида қайд этганимиздек, мутолаа кишини фикрлашга, тафаккур қилишга ундайди. Зеро, жаҳон адабиётининг буюк намояндаси, Нобел мукофоти совриндори Ҳерманн Ҳессе «Биз ўзимизни ва турмушимизни унутиш учун эмас, балки ҳаёт жиловини янада онглироқ равишда англаш учун ўқишимиз керак», дея бежиз таъкидламаган. Шарқ донишмандларидан бири эса «Фикр сенга яхши ва ёмон амалларингни кўрсатиб турадиган кўзгудир», деган.
Фикр ва тафаккурсиз ҳеч бир инсон олдинга силжимайди. Шунинг учун юртимизда китоб ўқишни тарғиб қилиш, аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017-йил 13-сентабрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2019-йил 7-июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорлари мазкур соҳани тамомила янги ривожланиш босқичига ўтишига ҳуқуқий замин бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 14-декабрдаги қарори билан 2020–2025-йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинди. Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидаги:
– аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш;
– миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима
қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, республиканинг олис ҳудудларида китобхонлик маданиятини ривожлантириш;
– китоб савдосини ташкил этиш тартибларини соддалаштириш, янги нашр этилган китобларни етказиш ва ахборот манбаларини тарқатиш тизимини такомиллаштириш;
– китоб етказиб берувчиларни замонавий ижтимоий эҳтиёжларга мослаштириш, инфратузилмани яхшилаш, ахборот-кутубхона марказларини чоп этиладиган босма нашрлар ва уларнинг электрон нусхалари билан тўлдириб бориш, электрон китоблар яратиш, китобларни рақамлаштириш ва электрон каталогларни тузиш ҳамда тизимли равишда янгилаб бориш;
– аҳолининг китобхонлик даражаси ва китобга қизиқишини тизимли ўрганиб бориш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш, кутубхоначи кадрлар салоҳиятини ошириш;
– хорижий асарларга онлайн буюртма бериш, уларни республика ҳудудига олиб келиш ва тарқатиш тизимини ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш каби қатор вазифалар белгиланган.
2023-йил 28-ноябрда Президентимизнинг «Ёшлар учун минг китоб» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги яна бир қарори имзоланди. Қарорда тилга олинган «Ёшлар учун минг китоб» лойиҳаси ёш авлоднинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга кўмаклашувчи жаҳонда машҳур 1000 та китобни танлаб олиб, ўзбек тилига таржима қилишга қаратилгани билан аҳамиятли, албатта. Ўтган вақт мобайнида Ёшлар ишлари агентлиги масъуллигида бу борада эътиборга молик ишлар амалга оширилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида асосий мақсадлар сифатида ёш китобсеварлар сонини беш миллионга етказиш, ҳар йили 100 та бадиий асар ва болалар ҳамда ўсмирлар учун 50 та китоб яратиш, «Ўзбек адабиёти хазинасидан» кўп жилдлик ва «Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари» 100 жилдлигини ўзбек тилида нашр этиш ҳамда қарийб 40 миллионга яқин китоб фондини рақамлаштириш белгилангани бу соҳа давлатимиз тараққиётининг бош мақсадларидан бири эканини яққол кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари, ҳар йили «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида китобхонлик ва интеллектуал ўйинлар йўналишида «Ёш китобхон оила», «Мушоира», «Ёш китобхон», «Заковат» интеллектуал ўйини ва «Ибрат чет тиллари» каби 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириб, интеллектуал ўйинлар орқали мантиқий фикрлаш ва билим доираларини кенгайтиришга ёрдам беряпти.
Мамлакатимизда ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида 2017-йилдан буён анъанавий тарзда «Ёш китобхон» танлови ўтказиб келинаётгани барчамизга маълум. Ўтган давр ичида
238 нафар ёш китобхон танловнинг республика босқичида иштирок этди. Танлов ғолиблари Президент совғаси – «Спарк» ва «Cобалт» автомашиналари билан тақдирланди. Эътиборлиси, танловда ғолиб бўлган 14 нафар қизнинг
8 нафари давлат мукофотларига муносиб кўрилди.
Ички ишлар органлари тизимида ҳам ходимлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирликнинг тегишли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ходимларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онг-у тафаккури ва дунёқарашини кенгайтириш, китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда китоб сотиб олишига қулайлик яратиш учун ҳудудий ички ишлар органларида мунтазам равишда китоб ярмаркалари ташкил этилмоқда. Китобхонлик танловлари, викторина ва интеллектуал ўйинлар ўтказилмоқда.
Шуҳрат РЎЗИЕВ,
ўз мухбиримиз.
