Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бирлашган таҳририяти томонидан тайёрланиб, Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Азизбек Икрамовнинг умумий таҳрири остида чоп этилган “Кадрлар хизмати фидойилари” китобининг тақдимоти вилоятимизда давом этмоқда.
Ушбу китобда шахсий таркиб билан ишлаш соҳасида самарали хизмат қилиб, жамоаси ва эл орасида обрў-эътибор қозонган фахрийлар тўғрисида тайёрланган туркум мақолалар ўрин олган. Ана шундай фидойи инсонлар вилоятимизда ҳам анчагина. Шулардан марҳум Эгамберди Шодмонов ҳамда истеъфодаги маёр Аббос Ҳамидовлар киритилган.
Ички ишлар органлари ходимлари билан ўтказилган навбатдаги китоб тақдимотида ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррир ўринбосари, маёр Азизжон Файзиэв иштирокчиларга Эгамберди Шодмоновнинг самарали ва мазмунли хизмат йўллари ҳақида гапириб берди.
Шундан сўнг вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, маёр Бахтиёр Худойбердиев билан биргаликда Э. Шодмоновнинг хонадонига борилди. Оила аъзолари билан суҳбатлашиб, Эгамберди ака яна бир карра хотирланди.
– Барчангизга катта раҳмат, кам бўлмангиз. Эгамберди акамни китобга киритганларингиз биз учун, айниқса, набираларига хотира бўлди. Келгуси авлодларимиз ўқиб, бобоси шундай катта инсон бўлганларини билишади, – дейди Санобар ая.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
