Мутолаа руҳий озуқа олиш жараёнидир. Китоб ўқиш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, сўз бойлигини оширади, нутқини равон қилади. Яхши асар мутолааси инсонни кундалик майда-чуйда ташвишлардан чалғитади, маънавиятини юксалтириб, унга хотиржамлик бағишлайди.

Туркигўй шоир, мутафаккир, давлат арбоби адиб Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг «Қутатғу билиг» («Саодатга йўлловчи билим») асарида шундай ёзган:


Ўқув қут беради, 

билим шараф-шон, 

Шу икков туфайли 

улуғдир инсон.


Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари эса китоб беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбайи эканлигини уқтирганлар.

Соҳибқирон бобомиз Амир Темур салтанатида ўз даврининг энг катта ва бой кутубхонаси ҳисобланган «Дор ул-кутуб» («Китоблар уйи») бўлган. Ушбу зиё ва маърифат масканидаги ноёб китоблар ва қўлёзмаларни сақлашга, асраб-авайлашга катта эътибор берилган. 

 Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Самарқанддаги сарой кутубхонасида ўз даврининг етук олимлари ҳисобланган Абдужаббор Хоразмий, Шамсуддин Мунший, Абдулло Лисон, Бадриддин Аҳмад, Нўмониддин Хоразмий, Хўжа Афзал, Алоуддин Коший, Жалол Хокийлар Амир Темур ҳомийлигида илмий-ижодий фаолият олиб борган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси айнан ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган. Ана шу ташаббус асосида «Ёш китобхон» кўрик-танловлари ўтказиб келиняпти. Бу танлов орқали минглаб ёшлар китоб мутолаасига жалб қилинди ва ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилмоқда. 

Ички ишлар органларида ҳам ҳар йили «Энг яхши китобхон» кўрик-танловини ўтказиш яхши анъанага айланган, тез-тез китоб ярмаркалари ташкил этилади, кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилган.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 15-январидаги «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори хусусида алоҳида тўхталишни истардим. Қарорга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан танлов орқали ёш ёзувчилар учун грантлар ажратилади ва уларнинг асарлари нашр этилади, болалар адабиёти йўналишидаги лойиҳалар қўллаб-қувватланади. Энг сара хорижий адабиётлар ўзбек тилига ва миллий адабиётларни хорижий тилларга таржима қилишда нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатларининг 50 фоизи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи учун харажатларнинг 80 фоизи қопланади.

Шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тар­ғиб қилиш бўйича «Китоб – маърифат манбайи» дастури амалга оширилади. Умумтаълим муассасаларида «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари ташкил этилади. Ҳар чоракда туман(шаҳар) кесимида энг фаол «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари аъзолари рағбатлантирилади.

Бундан буён тегишли соҳа бўйича тавсия этиладиган касбий фаолиятга оид адабиётлар рўйхати шакллантирилади. Ҳар бир тизимдаги ташкилотларда «Китоб бурчаги» ташкил этилади. Ходимлар учун ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» йўлга қўйилади. Китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади. Танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади.

Жорий йилнинг 24-февралида Кўксарой қароргоҳида давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқоти чоғида янги ўқув йилига қадар энг яхши 100 та асардан иборат тўпламни тайёрлаб, барча мактаб ва техникумларга етказиш, энг фаол китобхон ўқувчиларни 10 миллион сўмдан мукофотлаш вазифаси қўйилди. Шунингдек, кутубхона, «боок cафе» ва китоб дўкони очиб, ойига 10 минг донадан ортиқ китоб сотувини йўлга қўйган тадбиркорларга 3 йилга 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда бериш механизми назарда тутилди. 

Кези келганда, қонунчиликка киритилган бир муҳим ўзгартириш тўғрисида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Унга кўра, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўташ даврида маҳкумларда тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган, белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланган тақдирда, маҳкумга нисбатан тайинланган жазони ўташ муддати қисқартирилиши мумкин. Бунда жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача қисқартирилиши кўзда тутилади. Умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар бундан мустасно. 

Хўш, ҳар қандай китоб ҳам фойдалими? Йўқ, албатта. Истеъмол қилинган сифациз таом организмни заҳарласа, сифациз ва зарарли китоб инсон онгини заҳарлайди. 

Китобнинг зарарлилиги унинг мазмуни, инсон руҳиятига ва ижтимоий одоб-ахлоқ меъёрларига салбий таъсири билан белгиланади. Ахлоқсизликни, ҳаёсизликни ва инсоний қадриятларга зид бўлган турмуш тарзини одатий ҳол сифатида тасвирлайдиган китобларни ўқиш ҳам, чоп этиш ҳам керак эмас. 

Экстремизм ва адоват уруғини сочувчи, миллий ёки диний низоларни келтириб чиқарувчи, террорни оқловчи, бошқа миллат ва элатларга нисбатан нафрат уйғотувчи асарлар ҳам зарарли китоблар сирасига киради. Улар жамиятдаги барқарорликка, тотувликка, бағрикенгликка рахна солади. 

Инсонни умидсизликка ва ҳатто ўз жонига қасд қилишга бошлайдиган асарлар руҳий саломатликка зиён етказади. «Оммавий маданият» маҳсули бўлган савиясиз асарлар эса кишига билим ҳам, маънавий озуқа ҳам бермайди. Улар фақат вақтни ўғирлайди, дидни ўлдиради, фикрлашни чеклаб қўяди. 

Китоб — қалб кўзгуси. У орқали биз ўзимизни, ўзлигимизни англаймиз, аждодлар меросини ўрганамиз ва келажакка пойдевор қўямиз. Агар ҳар бир хонадон аҳли фойдали китобларни ўқиса, ана шу жамиятда, албатта, тараққиёт бўлади, маънавият юксалади. Шундай экан, келинг, бу беминнат дўст билан алоқани узмайлик. Мутолаа завқи сизни ҳеч қачон тарк этмасин.


 Бобомурод ТОШЕВ, 

ўз мухбиримиз.