Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига давлат аҳамиятига молик масала сифатида эътибор қаратилмоқ­да. Айниқса, сўнгги беш йил мобайнида мамлакат ижтимоий-сиёсий тузумида юз берган ўзгаришлар, вужудга келаётган муносабатларни тартибга солишнинг янги ҳуқуқий асослари яратилиб, янги қонунлар қабул қилинмоқда ва бу ҳуқуқий ислоҳотлар изчиллик билан давом этмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворли­гини таъминлаш, иқтисодиётни ли­бераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, айниқса, болалар меҳнати, ишсизлик ва камбағалликни бартараф қилиш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, шу­нингдек, кўп йиллардан буён тўпланиб қолган таълим, тиббиёт ва эътибордан четда қолган бошқа соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширишда Бош қомусимиз муҳим аҳамият касб этади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ва давлатнинг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда инсон ҳуқуқлари устуворлиги, давлат билан фуқаронинг ўзаро сиёсий-ҳуқуқий масъуллиги принсипларига асосланувчи тамомила янги консепсияга таянган бўлиб, унда илк бор инсон ҳуқуқлари категорияси конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилган ва мустақил давлатимиз ўзининг демократик ғояларга, ижтимоий адолат тамойилларига амал қилишини жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига содиқ бўлишини намоён қилган.

Биринчидан, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинлик ва маж­буриятлари тенглик ҳамда тенг ҳуқуқлилик асосида амалга оширилади.

Бу принсип Конституцияда уч жиҳатдан таърифланган. Фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги принсипи ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тенглиги принсипи Конституциямизнинг тегишли моддаларида мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур принсипнинг яна бир муҳим жиҳати, эркак ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги Бош қомусимизнинг 46-моддасида белгиланган. Республика хотин-қизларининг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазасини кафолатловчи ҳукумат даражасида бир неча қонунлар ва дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарув тизимларидаги лавозимларда, Олий Мажлиснинг қуйи ва юқори органларига депу­татликка сайла­ниш жараёнида, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар фаолиятида кенг иштирок этаётганлиги республикада жинслараро тенг ҳуқуқлилик таъминланганидан далолатдир.

Иккинчидан, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолатланлиги принсипи. Асосий қонунимиз демократик ҳуқуқ ва эркинликлар давлат томонидан муҳофаза қилиниши алоҳида эътироф этилган. 13-модданинг 2-қисмида демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши, 19-моддада эса фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги қонуний мустаҳкамлаб қўйилган. Асосий қонунимизнинг иккинчи бўлими бевосита инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқларига бағишланганлиги ҳам демократик ҳуқуқ ва эркинликларнинг конституциявий кафолатланганлигининг ёрқин далилидир.

Учинчидан, муҳим принсиплардан яна бири фуқаролар­нинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланишига йўл қўйилмаслиги. Бу принсип инсонга туғилишидан табиатан тегишли бўлган

унинг ажралмас ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан тан оли­нишидан келиб чиқади. Конституциянинг 43-моддасида эътироф этилишича, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат жамият ҳамда давлат хавфсизлиги нуқтайи назаридан, аҳолининг сиҳат-саломатлиги, халқнинг ахлоқи ва маънавияти, жамоат тартиботини сақлаш мақ­садида қонунда белги­ланган даражада чекланиши мумкин. Аммо фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи, шахсий қадр-қимматни муҳофаза қилиш ҳуқуқи, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи кабилар чекланиши мумкин эмас.

Тўртинчидан, фуқароларга бери­ладиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар бирлиги принсипи. Ҳар бир шахс нафақат муайян ҳуқуқ ва эркинликлар эгаси, балки мажбуриятлар соҳиби ҳам ҳи­собланади. Жамиятда ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси бўлмиш фуқаро фақат ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиб қолмасдан, жамият, давлат ва бошқа фуқаролар олдида муайян мажбуриятларни ҳам ўтайди. Конституциянинг 20-моддасига кўра, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Маълумки, мамлакатимизда маънавият, маърифат, ҳуқуқий онг ва маданият масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конституциямизнинг мазмуни ва моҳияти, маънавият ва маърифат масалалари, миллий истиқлол мафкураси ғоялари билан ҳамоҳанглигини алоҳида эътироф этиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида ислоҳотлар­нинг бардавомлигини таъминлаш мақсадида «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» консепсиясида «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» ғоясини илгари сурди. Чунки янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим манбаи юксак маънавият ва маърифат, миллий мафкурадир.

Конституция, миллий мафкура ва маънавият ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Конституция – ҳуқуқий тизим ўзаги, унинг бошқа барча манбаларини

уюштирувчи, баҳамжиҳат этувчи ва ҳаракатлантирувчи маркази бўлса, миллий ҳуқуқий мафкура – унинг ғоявий асо­сини, таркибий бўғинларини мазмунан озиқлантирувчи ҳамда ягона мақсад сари йўналтирувчи манбадир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқнинг маънавий-маданий мероси, миллий тафаккур, муқаддас исломий қадриятлар ва кўп асрлик давлатчилик тажрибаси ҳамда ҳуқуқий анъаналарга асосланган бўлиб, уларнинг бой ижобий тажрибасини ўзида акс эттирган. Асосий қонуни­мизнинг муқаддимасидан охирги моддасигача мустақиллик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва Ватан равнақи ғоялари тараннум этилган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий демократик давлат ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантириш Конституциямизнинг асосий мақсадидир. Бош қомусимиз мустақил давлатимизнинг буюк келажак сари интилишининг ҳуқуқий пойдевори ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва самарали таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатидир.

Абдуғафур САТТОРОВ,

юридик фанлар доктори.