Маънавият ва маърифат дарси

Коррупсия ҳамма замонда, ҳар бир давлатда энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келган. Ҳозирда ушбу иллатга қарши бизнинг мамлакатимизда ҳам жиддий кураш олиб бориляпти. Республикамизда коррупсияга қарши кураш доирасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар қабул қилинган.

Маълумки, шаффофлик, очиқлик-ошкоралик мавжуд жойда коррупсияга қўл уриш мураккаблашади. Шуни назарда тутган ҳолда, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашга, давлат идораларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлишига, раҳбарларнинг кундалик фаолиятида журналистлар билан яқин мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишига қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Тан олиш керакки, бу коррупсиянинг олдини олиш, уни камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Яна бир муҳим жиҳат сифатида сўнгги йилларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг ислоҳ қилинганини, 200 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари қулай, марказлашган ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали кўрсатилаётганини айтиш мумкин. Бу жараёнда инсон омилининг камайтирилгани, шубҳасиз, коррупсиявий ҳолатларни сезиларли даражада камайтирди.

 

Коррупсиянинг олдини олиш, уни йўқотиш учун нима қилиш керак, деган саволга ҳамма ҳар хил жавоб беради. Кимлардир жазони оғирлаштириш, унинг муқар­рарлигини таъминлаш лозим, деса, бошқалар фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, коррупсияга қарши иммунитетни шакллантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш шарт, дея фикр билдиради. Лекин бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Яъни, иши битиши, муаммоси ҳал бўлиши учун ўзи рози бўлиб, кимларгадир пора бераётган, бу порани қўрқмасдан олаётганларни кўрганлар, жамиятнинг турли соҳаларида учраётган олди-бердиларга гувоҳ бўлганлар онгида қандай қилиб коррупсияга қарши кураш иммунитетини шакллантириш мумкин? Ёки жазо олмаслиги учун ота ўғлига ёлғон гапиришни ўргатиб турган, бировнинг ҳаққи деган тушунчага зид равишда ҳаром луқма ейишда ота намуна бўлиб турган оилада қандай қилиб ахлоқий тарбия ҳақида гап бўлиши мумкин?

Таъкидлаш жоизки, пора олиб сири фош бўлган, кейин жазо сифатида аксарият ҳолатларда ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш ё жарима билан «қутулиб» кетган шахс бошқа сафар яна ўрганган ҳунарини давом эттирмайди, деб ким кафолат бера олади? Бу сўзимизни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровнома натижалари ҳам тасдиқлайди. «Коррупсияга қарши курашишда қандай чоралар энг самарали ҳисобланади?» деган сўровга респондентларнинг деярли 61 фоизи жиноий жавобгарлик ва жазо чораларини кучайтириш керак, деб жавоб берган.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати – мамлакатдаги коррупсия даражаси унинг халқаро майдондаги ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий нуфузига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатишидир. Бошқа давлатлар билан муносабатлар, инвестицияларнинг жалб этилиши ва бошқа жиҳатларда ушбу мезон ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Коррупсия ривожланган, порахўрлик авж олган давлатга ҳеч ким инвестиция киритмайди. Чунки бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида ҳамкорлик, бизнес ва инвестиция ривожидаги шафқациз тўсиқ ҳам айнан коррупсия саналади.

Бу иллатга қарши курашишда ички ишлар органларида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар ўтказилмоқда. Шахсий таркиб ўртасида корруп­сияга қарши иммунитет ва муросасизликни шакллантириш мақсадида самарали профилактик чоралар кўрил­япти. Ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти оширилиб, коррупсияга нисбатан муросасиз муносабат кучайтирилмоқда. Шунингдек, соҳада ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилиши ҳисобидан фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқотда инсон омилини камайтиришга эри­шиляпти.

Коррупсияга қарши кура­шишда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилгани яхши натижа бе­риши мумкин. Кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган, Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган ушбу қонун кучга кирса, давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идораларида меҳнат қилаётган 100 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу­нингдек, давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда ушбу тизимда коррупсия ва манфаатлар тўқнашуви олдини олишга оид муносабатлар тартибга солинади.

Айни пайтда мазкур қонун билан давлат фуқаролик хизматчисига қу­йидагилар тақиқланмоқда:

 

– ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахс­лар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш;

– педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулла­ниш;

– тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тадбиркорлик фаолияти ташкил этиб, унинг муассиси бўлиш;

– ўз мавқеидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига жисмоний ва юридик шахс­лардан ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиш;

– чет эл фуқаролигига эга бўлиш;

– республика ҳудудидан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш.

 

Шунингдек, давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш, ўз хизмат фаолиятига ташқи таъсирларнинг олдини олиш ҳамда ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар фаолияти­га ноқонуний таъсир ўтказ­маслик мажбуриятлари юкланмоқда. Энг муҳими, коррупсияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.

Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Улар бу даражага қан­дай етиб келган, қандай чоралар кўришган?

Грузиянинг коррупсияга қарши курашиш тажрибаси ноёб ва муваффақиятли бўлиб, унинг кўп жиҳатлари бошқа мамлакатларда мослаштири­лиши ва қўлланилиши мумкин. Бундай дейишимизнинг боиси бор. Бунга коррупсияга қарши курашишда жуда қаттиқ чоралар кўриш туфайли эришилди, дейиш мумкин. Хусусан, шахс нафақат коррупсия ҳуқуқбузарлиги, балки пора талаб қилган ёки таклиф қилаётган шахслар учун ҳам жиноий жазо кучайтирилди. Бундан ташқари, мансабдор шахс ўз мол-мулкини қандай қилиб қўлга киритганлигини тушунтириши лозимлиги белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, коррупсия – тараққиёт кушандаси. Хавфсизл­икка таҳдид солувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этамиз.

 

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

«Постда» мухбири.