Бу кураш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб қўйилганлиги ҳамда сўнгги олти йилда мамлакатимизда тубдан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тараққиётимизнинг кушандаси бўлган коррупсияга қарши изчил кураш бошланганлигидан далолатдир.

Янги Ўзбекистон стратегиясининг мақсади коррупсиядан холи мамлакат барпо этиш бўлганлиги жамияти­мизни жипслаштирувчи омилга айланмоқда. Бу соҳада ҳам жаҳоннинг илғор тажрибаси кенг қўлланилаётганлигининг шоҳиди бўлмоқдамиз. Масалан, рақамли технологиялардан давлат хизматларида, шунингдек, коррупсиянинг олдини олишда ҳам муваффақиятли қўлланилаётганлиги, унинг профилактикасини кучайтиришга қаратилган меха­низмлар тобора ривожланаётганлиги ва жорий этилаётганлиги фикримизнинг далилидир. 

Айниқса, Бмтнинг Тараққиёт дастури билан яқин ҳамкорликда коррупсияга қарши кура­шиш ишларининг самарадорлигини рей­тинг баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширил­моқда. Масалан, жорий йилда Коррупсияга қарши кура­шиш агентлиги нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказган тренинглар ва малака ошириш курсларида 220 дан ортиқ масъул давлат хизматчиларининг малакаси оширилди ва улар халқаро андазадаги стандарт сертификатларга эга бўлди, 400 дан ортиқ ички назорат тузилмалари ходимларининг ҳам малакаси оширилди, услубий қўлланмалар яратилди. Натижада 19 та давлат ташкилоти, 1та тижорат банки коррупсияга қарши курашиш менежменти тизими бўйича халқаро стандарт сертификатига эга бўлди. 

Таъкидлаш жоизки, мазкур сертификат мамлакатнинг халқаро рейтингларида устувор аҳамият касб этиб, унинг инвестицион жозибадорлигини ва инвесторлар кириб келишини таъминлайдиган муҳим омиллардан ҳисобланади. 

Шунингдек, Коррупсияга қарши курашиш агентлиги Бмтнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастурининг қўшма ташаббуси билан «Ўзбекистонда Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ролини ошириш учун фуқаролик маконини, аёллар ва ёшлар овозини мустаҳкамлаш» лойи­ҳаси муваффақиятли амалга оширил­моқда.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири фуқаролик институтлари, аёллар, нодавлат, нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий ҳамжамиятлардан иборат коррупсияга қарши фуқаролик маконини яратиш орқали жамиятда ҳалолликка бўлган та­лабни шакллантиришдан иборат. 

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Айнан ёшларда коррупсияга қарши нафрат ва тоқацизлик уйғотиш мақсадида ушбу халқаро лойиҳада ҳалолликни тарғиб этиш ва уларнинг онгига сингдириш мақсадида жорий йил 28-июн куни «Ёшлар ҳалоллиги куни» тадбири ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 

14-июндаги «Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оши­рилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методика тасдиқланди. Коррупсияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш электрон платформаси ва баҳолаш тизими ишлаб чиқилди. 

Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобида коррупсияга қарши курашда сиёсий арбоблар ва давлат хизматчила­рининг маблағлари ва мол-мулклари ҳақидаги маълумотларни очиқлаштириш ва декларат­сия тизимини жорий этиш, ҳар йили бу борадаги маълумотларни эълон қилиш, давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш механизмларини кучайтириш мақсадида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунни, электрон харидлар тизимини такомиллаштириш вазифаси қўйилган. «Коррупсияга қарши кура­шиш тўғрисида»ги қонуннинг «Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар» деб номланган 21-моддасида давлат органлари ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўйилмаслиги ва бундай ҳолларда ходимлар ўзининг бевосита раҳбарини хабардор қилиши лозимлиги, ўз навбатида, бевосита раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш чораларини кўриши шартлиги қонунан белгиланган. 

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, ички ишлар органлари ходимлари жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими­нинг самарадорлигини ошириш, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, қонунчиликдаги жазони оғирлаштириш ёки енгиллаш­тиришга оид нормаларни қўллаш жараёнидаги инсон омилини бартараф этишга эришишлари зарур­лиги белгиланган.

Аҳолининг барча қатламлари орасида коррупсиянинг барча шакллари ва кўри­нишларига муросасиз муно­сабатни шакллантириш масаласи ҳам долзарб вазифа бўлиб, бу муҳим соҳага ходимларнинг янгича ёндашувлари талаб қилинади. Бунга эришиш учун эса изланиш ва доим ўз малакасини ошириб бориш, жамиятда кечаётган жара­ёнларни таҳлил қилиш, фикрлаш кўникмаларини шакллантириш ҳам зарурдир.

Бир сўз билан айтганда, коррупсиянинг ҳар қандай кўриниши ва ҳолатларига барҳам бериш тараққиётимиз кафолатидир.


Шуҳрат Ғойибназаров, 

сиёсий фанлар доктори, профессор, 

истеъфодаги полковник.