Ижтимоий ҳаётда коррупсия домига тушиб, оёғи қоқилаётганлар оз эмас. Қадимги дунёда баъзи қабилаларда муайян мавқега эга бўлиш учун унинг сардорига турли совға-салом бериш одатидан коррупсиянинг илдизлари бошланган экан. Машҳур файласуф Томас Гоббснинг «Коррупсия – даврлар оша ўсиб келаётган илдиз бўлиб, у ҳар хил орзу-ҳаваслар ортидан қонунларни менсимасликдир», деган сўзлари ҳам бу жирканч иллатнинг нақадар қадимий эканлигини тасдиқлайди. 

Жаҳонда глобаллашув жараёнларининг тобора ривожланиши сабабли давлат ва нодавлат секторида коррупсиянинг замонавий ва яширин кўринишлари юзага келмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирда унинг дунё миқёсидаги зарари йилига 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил этади. Мазкур иллат ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоиздан ортиғини ташкил эца, ҳар йили глобал миқёсда коррупсия туфайли давлат харидлари фондларининг 25 фоизгача қисми йўқотилади. 

Ҳозирги пайтда республикамизда ҳам бу иллатга қарши курашиш доирасида бир қатор дастурлар қабул қилинди ва улар бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда сўнгги йиллардаги коррупсияга қарши курашишни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий асослар сифатида «Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги, «Давлат харидлари тўғрисида»ги, «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонунларни алоҳида қайд этиш ўринлидир. Юртимизда коррупсиянинг олдини олишга қаратилган муҳим превентив механизмлар яратилганлиги, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар коррупсияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг муҳим элементлари бўлиб хизмат қилмоқда. Пойтахтимизда коррупсияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ифодаловчи монумент ҳам очилган бўлиб, кафти очиқ қўл кўринишидаги ушбу композиция ҳалоллик, коррупсияга нисбатан тоқацизликни, бутун дунёни унга қарши курашишда бирлашишга даъватни англатади. 

Сингапурда Коррупсиявий фаолиятни тергов қилиш бюросининг асосий вазифаси ҳам давлат ташкилотларида, ҳам хусусий секторда коррупсия билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва тергов қилишдан иборат. Унинг асосий функсиялари сифатида коррупсияга оид шикоятларни қабул қилиш ва текшириш, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан содир этилган коррупсияга оид қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларини текшириш, давлат органлари фаолиятини таҳлил қилган ҳолда, улардаги коррупсион ҳаракатларни минимумга тушириш белгиланган. 

Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон коррупсияга қарши курашишда ўз мақсадларига эга. Хусусан, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам коррупсияга қарши курашиш бўйича алоҳида мақсад белгиланган. Хусусан, 89-мақсад — коррупсиявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш сифатида белгиланди. 

Умуман олганда, коррупсия давлат органлари фаолиятига путур етказади, иқтисодий тушкунликни келтириб чиқаради, аҳолининг давлат ҳокимияти бошқарув органларига бўлган ишончини йўқотади, тарақ­қиётни секинлаштиради. Шунинг учун ҳам ушбу иллатга қарши курашиш барчамизнинг асосий вазифамизга айланиши лозим. Коррупсияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда энг муҳим вазифалардан бири, жамият онгини тубдан ўзгартириш, жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантиришдир.

Кейинги вақтларда республикамизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупсияга қарши курашдаги ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Шу нуқтайи назардан, мамлакатимизда коррупсияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамиятнинг тараққий этишида муҳим аҳамият касб этади. 

Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фои­зи­дан кўпроғини ташкил этувчи ёшларнинг коррупсияга қарши кураш бўйича фаоллигини ошириш жамият олдида турган муаммони ҳал қилишнинг калитидир. Коррупсиянинг олдини олиш ва ҳалолликни ёшлар орасида изчил тарғиб қилишда таълим муассасалари катта аҳамиятга эга. Шунинг учун болалар ва ёшларга ҳалоллик ва қонун устуворлиги каби тушунчаларни ҳар томонлама сингдириш муҳим масалалардандир. 

Шу ўринда яна бир жиҳатни келтириш жоиз, фуқароларимиз фаоллиги кузатилмаса, коррупсия ҳуқуқбузарликлари, тамагирлик каби ҳолатлар ҳақида тегишли давлат идоралари вақтида огоҳлантириб борилмаса, ушбу иллатдан бутунлай қутулишнинг иложи йўқ. Айрим ғараз мақсадга эга шахсларнинг бу каби иллатга қўл уриши натижасида ҳалол ва ўз меҳнат фаолиятига содиқлик билан сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг ҳам номига доғ тушиши ачинарли ҳолатлардан яна биридир.

Ҳар қандай кўринишдаги коррупсия ҳолатларининг содир этилиши, уларнинг кўпайиши ва ўз вақтида барҳам берилмаслигига ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз ҳам қайсидир маънода сабаб бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳар бир фуқаро коррупсия жиноятларига гувоҳ бўлганида бундай ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол хабар бериши лозим. 

Коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланган ҳамда бу тўғрисида ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. 

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, барчамиз бу иллатга қарши бир ёқадан бош чиқариб, якдилликда курашсакгина, ҳар бир соҳада салмоқли натижалар томон дадил одимлаймиз. Зеро, коррупсияга қарши курашиш – давлат ва жамият янгиланишида муҳим омилдир!

Аброр ПОЁНОВ,

ўз мухбиримиз.