... Ёш келиннинг оиласи бузилиб кетди. Орага кўпни кўрган, кайвони онахонлар тушди. Лекин эр ва унинг ота-онаси келинини кўп бора алдаб келгани, ёлғончилиги учун кечира олишмади.
Қайнота бўлмиш сўзида қаттиқ туриб олди: «Бошқа айбни кечирса бўлар, лекин ёлғончи одам тузалмайди. Эртага фарзанд кўриб, унга таълим-тарбия берадиган она ёлғонни касб қилиб олса, зурриёдларимизнинг ҳам феълида ноқислик бўлади, шунинг учун ҳам яра газак олмай туриб, ҳаммасига нуқта қўйган афзал!»
Чиндан ҳам ёлғон бор жойда ишончсизлик бўлади, ҳатто энг яқин биродарлар, қавму қариндошлар ҳам бир-бирларига ишончни йўқотишади. Ёлғон нафақат оилаларни пароканда қилади, балки жамиятни ҳам парчалайди, тарафкашлик, гуруҳбозликка йўл очилади.
– Бошлиғимиз жуда инсофсиз, кўзингга қараб ёлғон ваъдалар беради. Одам ажратади, иқтидори йўқ бўлса-да, ўзига қарашлиларни қўллаб-қувватлайди. Фидойи мутахассисларнинг қадрига етмайди. Шунинг учун ҳам ишхонамиздан барака кетган, – дея ёзғиради нуфузли ташкилотда ишлайдиган аёл.
Бундай табиатга эга раҳбар қўл остидаги ходимлари олдида обрўсини ҳам йўқотганига ачинасан киши. Бу тоифадаги инсонлар узоққа боролмаслиги аниқ. Чунки одамларнинг бундай кўзбўямачиликларга тоқати етмайди-да...
Чақимчилик ҳам ёлғончиликнинг бир тури бўлиб, одамлар орасига нифоқ уруғини сочади, душманчилик кайфиятини уйғотади.
Муқаддас китобларимизда ҳам ёмон одамлар сафида, энг аввало, ёлғончилар туриши зикр этилган. Ёлғончилик муаммоларини ўрганувчи психологлар, ҳақиқатни айтишдан кўра ёлғон гапириш қийинлигини таъкидлашади. Ёлғон табиати, намоён бўлиш шакли ва мақсадига кўра фарқланади. Ҳар қандай ёлғон хавфли: унинг катта кичиги, очиқ ва яширин, содда ва айёроналиги аҳамияциз. У кимдан чиқишидан қатъи назар, аниқланмаган ёлғон алоҳида хавф туғдиради. Жиноят жараёнида ҳақиқатни аниқлашда, тўғри қарор қабул қилишда, у адолатга жиддий путур етказиши мумкин.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,
ўз мухбиримиз.
