ИИВ Хоразм академик лицейида ИИВ Бирлашган таҳририяти томонидан нашрга тайёрланган “Кадрлар хизмати фидойилари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар ҳамда лицей ўқувчилари иштирок этишди. Маънавий-маърифий тадбирни ИИВ Хоразм академик лицейи директори вазифасини бажарувчи, подполковник Азамат Матёқубов очиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор берилаётгани, ушбу маънавий-маърифий тадбир ҳам ана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми эканлигини таъкидлади.

Тадбирда ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, полковник Бернора Садикова иштирок этиб, мазкур китобни тайёрлаш ва нашр этиш жараёнларига тўхталиб, китоб инсон тафаккурини бойитувчи, маънавиятини юксалтирувчи муҳим восита эканлигини, китобни ўзига дўст деб билган ҳар бир киши ҳаёт қийинчиликларини осонлик билан енгиб ўтиб, жамиятда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши ҳақида ўзининг фикрларини билдирди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда сўз олган вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, подполковник Дилноза Боғибекова, вилоят ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Рустам Раҳимов, ички ишлар органлари фахрийлари, истеъфодаги полковниклар Аминбой Тожиэв, Шавкат Ибрагимов, Ғофиржон Давлатов, Илъмир Ҳамидулин, истеъфодаги подполковниклар Шавкат Отажонов, Баҳодир Раҳимов ҳамда Мадамин Очиловлар “Кадрлар хизмати фидойилари” китоби ўқувчини бир зум бўлса-да, ўтмишга саёҳат қилишга чорлайдиган, ундаги ҳаётий воқеалар, хизмат жараёнлари эса ҳар бир кишини ҳаётга зийраклик билан назар ташлашга ундайдиган асар бўлганлигини тилга олиб ўтишди.

Мазмунли тарзда ўтказилган мазкур тадбир якунида хизмат вазифасини бажаришга масъулият билан ёндошаётган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари ҳамда лицейнинг энг фаол ўқувчиларига фахрий ёрлиқ, “Ташаккурнома” ва китоблар совға қилинди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.