Мадҳиямиз – тинчлигимиз тимсоли. У бизни юртимиз тараққиёти ва равнақи йўлида бирлаштириб, она Ватанимизни ҳамиша кўз қорачиғидай асрашга, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга даъват этиб туради.

Бугун пойтахтимиздаги муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройи майдонида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан «Улуғ халқ қудрати жўш урган замон» шиори остида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият намояндалари, профессионал хор жамоалари, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари ҳамда Миллий гвардиянинг ҳарбий оркестрлари, академик лицейлар ўқувчилари, курсантлар ва жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбирни Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо очиб, бугунги тарихий сана билан юртдошларимизни муборакбод этаркан, давлат рамзлари, хусусан мадҳиямизнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Байрам тадбирида «Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри!» акцияси доирасида фаол ёшлар ва уларнинг ота-оналари рағбатлантирилди. Шунингдек, «Ватаним мадҳиясини куйлайман!» танлови ғолиблари ҳам эълон қилинди. Танлов натижаларига кўра, Ички ишлар вазирлиги жамоаси фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди. Кейинги ўринларни пойтахтимиздаги 13060-сонли ҳарбий қисм ва Чилонзор туманидаги 135-мактаб жамоаси эгаллади. Ғолиб жамоаларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар берилди.

Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари жамоаларининг кўргазмали чиқишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, таниқли эстрада хонандалари ижросидаги концерт дастури ҳам барчага манзур бўлди.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Постда» мухбири.