Ҳар бир халқ, миллат учун ўз Ватанининг рамзлари муқаддас ҳисобланади. Боиси, уларда ўша халқнинг шонли ўтмиши ва буюк келажаги, асрий анъана ва урф-одатлари ўз аксини топади. Шу маънода, мадҳия, герб ва байроқ бизнинг миллий рамзларимиздир.
Бугун Ўзбекистон фарзандларининг санъат, маданият, фан ва спорт бўйича халқаро миқёсда қўлга киритаётган ютуқлари ва улар шаънига мадҳиямиз янграб, давлатимиз байроғининг мағрур ҳилпираши ҳар қандай миллатдошимизнинг кўзларида фахр ва қувонч ёшларига сабаб бўлмоқда. Аждодларига муносиб ворис сифатида вояга етаётган ёш авлодга қарата «Барака топ, отангга раҳмат, бизнинг ишончимиз, эртамиз эгаларисиз», дея ҳайқиргимиз келади.
Юртимиз истиқлолга эришгач, унинг давлат сифатида шаклланишида давлат рамзлари ҳам зарур эди. Шу боис мамлакат арбоблари, сиёсатчилари, олимлари олдида унинг рамзлари устида бош қотириш каби муҳим масала кўндаланг турар эди. Изланишлар ва ўрганишлардан сўнг байроғимиз, гербимиз ва мадҳиямизнинг лойиҳалари ишланиб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
Шундай қилиб, 1991-йил 18-ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган ВИИ сессиясида «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Байроғимиз ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби ҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. Байроқда оқ ранг муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софлик, орзу ва хаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил ранг эса вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳамдир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг 12 юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан изоҳланади.
Байроғимиз жонажон ўлкамиз дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради. Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Айниқса, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Шунингдек, юрт тинчлиги ва осойишталигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бел боғлаган ҳар бир Ватан ҳимоячисининг Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи олдида Ватанга қасамёд қабул қилишида ҳам рамзий маъно бор.
Бугун юртимиз бўйлаб деярли барча ҳудудлар марказларида энг юксакликда ҳилпираб турган давлатимиз байроғини кўришимиз мумкин. Бу ҳам бўлса миллий рамзимизга бўлган ҳурмат ва эътибор белгисидир.
Тошкент шаҳридаги энг улкан байроқ «Халқлар дўстлиги» санъат саройи олдидаги сайилгоҳда ўрнатилган – 65 метр. Нукус шаҳри марказидаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари – 55 метр. Андижонда баландлиги 64 метрлик махсус устун чўққисига мустаҳкамланган байроқ кўҳна Эски шаҳар ҳудудидаги хиёбонда қад ростлаган. Бухоро шаҳридаги «Фавворалар майдони» боғида ҳамда Самарқанддаги Кўксарой майдонида ўрнатилган шундай улкан байроқ – 60 метр. Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳри узра ҳилпираётган байроқ – 32 метр. Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида флагштокка ўрнатилган миллий рамзимиз – 44 метр. Навоий шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғидаги байроқ – 62,5 метр. Наманган вилояти Косонсой тумани маркази, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри марказида жойлашган Амир Темур номидаги истироҳат боғи ва Жиззах шаҳрининг бош майдонида ҳилпираётган байроғимиз – 60 метр бўлса, Гулистон шаҳридаги «Юрт байроғи» майдонидаги миллий рамзимиз баландлиги – 65 метр.
Мамлакатимиздаги энг баланд байроқ Фарғона вилоятининг
Ислом Каримов номидаги театр-консерт саройи хиёбони ҳудудида ўрнатилган бўлиб, унинг баландлиги 67 метрни ташкил этади.
Ўзбекистонлик алпинист Сергей Денисенко 2021-йил 1-июнда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига туҳфа сифатида Эверест (Жомолунгма) чўққисига Ўзбекистон байроғи ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев суратини олиб чиқди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан Бирлашган Араб Амирликларидаги дунёда энг баланд бино «Бурж Халифа» ҳамда АҚШ ва Канаданинг асосий диққатга сазовор жойлари, машҳур Ниагара шаршарасининг миллий байроғимиз ранглари билан ёритилиши одат тусига кирди.
Шубҳасиз, байроғимиз билан боғлиқ бундай воқеалар, бизга янада ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Сарвар СОБИРОВ,
«Постда» мухбири.
