Маънавият ва маърифат дарси

(Токио-2020 Паралимпия ўйинларида юртимиз вакилларининг эришган ютуқлари тўғрисида)

Жорий йилнинг 7-сентабр куни Токио–2020 Паралимпия ўйинларида иштирок этган юртдошларимиз Тошкент халқаро аэропортида бамисоли қаҳрамонлардек зўр тантана билан кутиб олингани, уларга зар чопонлар кийдирилгани худди кечагидек ёдимизда. Ўша куннинг ўзидаёқ «Янги Ўзбекистон» боғида Паралимпия ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Уларга Президент совғалари бўлган пул мукофотлари, автомобиллар ва янги хонадонлар калитларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ҳамда Бош вазир Абдулла Арипов топширишди.

Ҳа, паралимпиячиларимиз чинакамига қаҳрамонлар эди. Чунки, Токиода бўлиб ўтган муросасиз баҳсларда улар 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритишди. Юртдошларимиз Паралимпия якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида 162 мамлакат ўртасида 16-ўринни эгаллади. Ўзбекистон Осиё ҳамда МДҲ давлатлари ўртасида тўртинчи, туркий давлатлар ўртасида иккинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўрин соҳиби бўлди. Бу ҳақиқий қаҳрамонлик эмасми?!

Мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Хусусан, улар орасида Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу тоифадаги спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Бундай ғамхўрлик ўз натижасини бераётганига Токио–2020 Паралимпия ўйинлари чоғида барчамиз гувоҳ бўлдик.

Спортчиларимизнинг тарихий ютуқларни қўлга киритишида уларнинг мураббийлари ҳам улкан ҳисса қўшганини эътироф этиш жоиз. Улар шогирдларига маҳорат сирларини эринмасдан, сабр-тоқат билан ўргатгани ўз мевасини берди. Айни пайтда, тинимсиз машқлар паралимпиячилари­миздан қанчалик мустаҳкам сабот, матонат талаб қилганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Улар кучли рақибларга қарши майдонга тушганида, ҳолдан тойганида, баъзан ҳал қилувчи энг сўнгги лаҳзаларда ана шу сабот, матонат, Ватанига бўлган муҳаббат, халқимизнинг умид билан кўз тикиб тургани, руҳан қўллаб-қувватлагани, юртбошимизнинг оталарча меҳри, ғамхўрликлари вакилларимизга ғалаба қозониши учун куч берган бўлса, не ажаб.

Зеро, ХВИ Паралимпия ўйинларининг паратаэквандо бўйича олтин медал соҳибаси Гулжаной Наимова газетамизда чоп этилган суҳбатида «Учинчи, иккинчи ва ниҳоят биринчи ўринни эълон қилишди: Ўзбекис­тон, Наимова Гулжаной! Биласизми, Ўзбекистон деган чақириқ бутун вужудимга титроқ солди. Хурсандчиликдан ўзимни йўқотиб қўяёздим. Ишонасизми, кўз ёшла­римни тия олмасдим...», деб бежиз айтгани йўқ.

Бу ҳаётда тўрт мучаси соғ бўла туриб, ўз ўрнини топа олмаётган, ота-онасига боқиманда бўлаётган, ҳатто жиноят кўчасига кириб қолаётган ёшлар ҳам бор. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 10-сентабр куни паралимпиячилари­миз билан бўлган учрашув­да ана шундайларни назарда тутиб: «Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаёт­да озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсиз­ликка тушиб қоладиган, қинғир йўлларга кириб ке­тадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Сизлар ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар, албатта, сизларга эргашади», – деди.

 Мазкур учрашувда Юртбошимиз пара-спорт бўйича юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни кенг жалб этган ҳолда, Миллий паралимпия қўмитаси таркибида «Матонат мактаби»ни ташкил этиш таклифини билдирди. Ушбу мактабда таҳсил олувчиларга паралимпиячиларимиз маҳорат бобида ҳам, матонат бобида ҳам сабоқ бера олишлари, шубҳасиз. Қолаверса, улар Токиода бошқа мамлакатларнинг мана ман деган паралимпиячиларини мағлуб этиб, ўзларининг нималарга қодирлигини кўрса­тиб, маҳорат, матонат дарсини ўтдилар, десак, асло муболаға бўлмайди.

Яна бир муқояса келтирсам, ҳеч ким кўнглига олмайди, деб умид қиламан. Орамизда анча-мунча одамлар эрталабки бадантарбия машқларини бажаришга ҳам ҳафсала қилмайди. Тренажёр залига ёки спорт-соғломлаштириш мажмуасига бориб, бирор спорт тури билан шуғулланишни-ку, гапирмай қўя қолай. Паралимпиячиларимиз эса дзюдо, найза улоқтириш, диск улоқтириш, ядро улоқти­риш, таэквандо, узунликка сакраш, пауэрлифтинг, баттерфлай усулида сузиш, комплекс сузиш каби спорт турлари бўйича медалларни қўлга киритишди. Бу чинакамига маҳорат, жасорат эмасми?!

Учрашув чоғида Прези­дентимиз эришилган натижаларни мустаҳкамлаб, янада кўпроқ ютуқларни қўлга киритиш учун 2024-йилда Парижда бўладиган Паралимпия ўйинларига ҳозирданоқ аниқ тизим асосида тайёргарлик кўриш зарур­лигини таъкидлади. Бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб берилди. Юртбошимиз паралимпиячилар юртимиз спортининг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб, келгусида бўлиб ўтадиган энг нуфузли мусобақаларда Янги Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, муваффақиятли иштирок этишига ишонч билдирди. Давлатимиз раҳбарининг юксак ишончи спортчиларимизни янгидан янги ғалабалар сари руҳлантириши, шубҳасиз.

 

Бобомурод ТОШЕВ,

«Постда» мухбири.