Маънавият ва маърифат дарси
Сўнгги йилларда мамлакатимизда парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида сиёсий партияларнинг ролини янада кенгайтириш, вакиллик органларига сайланган депутатлар ва сенаторларнинг парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятидаги масъулияти ва фаоллигини ошириш борасида демократик ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, 2023-йил 18-декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими асосида ўтказиш бўйича янги тизим яратилди. У сиёсий партиялар ва депутатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши ҳамда сиёсий партиялар мавқеининг янада ошишига хизмат қилади.
Конституциямизнинг 128-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар жорий йилда октабр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган. Қонунчилик палатасига сайловлар янги қабул қилинган қонунга кўра, аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Яъни, 75 нафар депутат мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорсионал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланади.
Мажоритар сайлов тизими
Мажоритар сайлов тизими деганда (франсузча «мажорите» – кўпчилик сўзидан), вакиллик органларига сайловларда овоз бериш натижасини аниқлаш тушунилади. Бу сайлов тизимида қонун билан белгиланган кўп овозни олган номзод мазкур округ бўйича сайланган ҳисобланади. Кам овоз олган номзодлар учун берилган сайловчилар овози «йўқолиб кетади».
Мажоритар сайлов тизимининг уч кўриниши мавжуд:
– малакали кўпчилик овозли мажоритар тизим энг кам учрайдиган тизим ҳисобланиб, бунда номзод ғалаба қозониши учун сайловчиларнинг малакали кўпчилик овозини олиши зарур, яъни 2/3, 3/4 қисм овоз олиши талаб этилади;
– мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизимда берилган овозларнинг умумий сонидан мутлақ кўп овоз, яъни 50 фоиз +1 овоз олган номзод сайланган ҳисобланади.
– нисбий кўпчиликнинг овозига асосланувчи мажоритар тизим жуда қулай ҳамда содда тизим бўлиб, бунда номзодларнинг нисбатан энг кўп овоз олгани сайланган ҳисобланади.
Мажоритар сайлов тизимининг ижобий жиҳати – сайловчилар бевосита номзоднинг шахсига эътибор беради, у билан танишади, мулоқотда бўлади ва фаолияти юзасидан аниқ назорат ўтказа олади.
Мазкур тизимда ўтказилган сайловда ғолиб номзодга ёки ғолиб партияга берилган овозлар миқдори асосан камчиликни ташкил қилади, энг ачинарлиси, қолган овозлар ҳисобга олинмайди. Бу эса мажоритар сайлов тизимининг заиф жиҳатидир. Унда номзод ёки партия ғалаба қозониш учун сайловчилар кўпчилигининг овозини олиши лозим. Камчилик овоз олса, номзод ёки партия ҳеч қандай мандатга эга бўлолмайди. Мажоритар сайлов тизими АҚШ, аксарият Лотин Америкаси мамлакатлари, Франсия, Англия, Ҳиндистон каби ривожланган мамлакатларда муваффақиятли қўлланмоқда.
Пропорсионал сайлов тизими
Пропорсионал сайлов тизими (лот. пропортио — нисбат, мутаносиблик) мажоритар сайлов тизимидан бир аср кейин вужудга келган. Дастлаб, ХИХ аср охирида Швейсариянинг бир қатор кантонларида жорий қилинган, кейинчалик Белгияда ва 1906-йилда Россия империясининг бир қисми бўлган Финляндияда қабул қилинган. Бугунги кунда ушбу сайлов тизими 60 дан ортиқ мамлакатларда мавжуд бўлиб, асосан Ғарбий Европа мамлакатларида қўлланилади.
Бу тизимда давлат ягона сайлов округига айлантирилади ҳамда бюллетенларда номзодлар ўрнига сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар рўйхати кўрсатилади ва сайловчилар ўзларига маъқул келган партияларга овоз беради. Қайси партия сайловда умумий сайловчиларнинг қанча фоиз овозини қўлга киритган бўлса, мамлакат парламенти қуйи палатасида шунча ўринни эгаллайди. Йирик сайлов округлари тузилиб, уларда ҳар бир партия ўз номзодлари рўйхатини илгари суради. Овоз бериш натижаларини аниқлаш учун зарур бўлган овозларнинг
4–5 фоизлик энг кам миқдори ўрнатилади. Сиёсий партиялардан қўйилган номзодлар ана шу белгиланган овозларни олганидан кейингина мандатларни тақсимлашда иштирок этади. Сайловчилар берган овозлар аввал депутатлик ўринларининг сонига бўлинади. Натижада битта мандат учун берилган овозлар сони маълум бўлади. Сўнг ҳар бир партия олган овозлар алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Бу қиймат депутатнинг бир мандати учун зарур бўлган овозлар сонига бўлинади. Бунинг натижасида мазкур партияга берилган депутатлик ўринларининг сони келиб чиқади. Ҳозирги кунда Ғарбий Европа, Япония, Лотин Америкаси мамлакатларида сайловлар кўпинча пропорсионал тизимда ўтказилади. Шунингдек, бу тизим Белгия, Швесия ва бошқа кўп мамлакатлар учун ҳам хосдир.
Пропорсионал сайлов тизимининг ижобий томонларига қуйидагиларни киритишимиз мумкин:
– камчиликни ташкил этувчи сайловчиларнинг овозлари ҳам инобатга олинади ва унда овоз олган сиёсий партиялар ҳам парламентдан жой эгаллайди;
– у фикрлар хилма-хиллиги ва кўппартиявийликнинг ривожланишини, шунингдек, давлат билан фуқаролар ўртасидаги узвий алоқадорликни таъминлайди.
Хуллас, пропорсионал сайлов тизимининг мажоритар сайлов тизимидан фарқи – мажоритар сайлов тизимида сайловчилар шахсга овоз беради, яъни ўша округдан кўрсатилган бир нечта депутатликка номзодлардан бирини танлайди. Пропорсионал сайлов тизимида эса сайловчилар шахсларга эмас, партияларга овоз беради. Сайловдан сўнг қайси партия қанча овоз олганига қараб, депутатлик ўринлари тақсимланади ва партиялар ўша ўринларга депутатлар рўйхатини ўзлари тасдиқлайди. Масалан, қайсидир партия сайловда 40 фоиз овоз олса, демак 75 та депутатлик ўрнининг 40 фоизини, яъни 30 нафар депутатни тасдиқлаш ҳуқуқини қўлга киритади. Ёки, аксинча, қайсидир партия, айтайлик, жами 8 фоиз овоз олса, унда ўша партиядан 6 нафар депутат тасдиқланади.
Аралаш сайлов тизими
Аралаш сайлов тизими моҳиятан иккита тизимнинг бирикмаси бўлиб, бунда мандатларнинг бир қисми пропорсионал тизим бўйича (партиявий рўйхатлар бўйича), иккинчи қисми эса мажоритар тизим (номзодга овоз бериш) бўйича тақсимланади. Аралаш сайлов тизимида мамлакат сайловчиларининг 50 фоизи партиявий рўйхатларга, 50 фоизи эса бир мандатли округларда сиёсий партия кўрсатган номзодларга овоз беради. Ушбу сайлов тизимларини бирлаштириб турадиган омиллардан бири уларнинг барчасида қуйи палата аъзоларининг кўппартиявийлик асосида умумхалқ томонидан тўғридан-тўғри сайланишидир. Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Белгия, Венгрия, Қозоғистон, Германия ва Испания каби давлатлардаги сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади.
Мамлакатимизда 2024-йилда ўтказилиши белгиланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови аралаш, яъни мажоритар ва пропорсионал сайлов тизими асосида ўтказилади. Бунда 75 нафар депутат, аввалгидек, бевосита сайлов орқали сайланади, қолган 75 нафар депутат эса сайловда олган овозлари сонига пропорсионал тарзда партия берган рўйхат асосида танланади.
Бундан ташқари, Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига асосан, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдори номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизга оширилди. Қолаверса, пропорсионал сайлов тизими бўйича ҳам партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши кераклиги белгиланди. Бу эса гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришга имкон беради.
Бир сўз билан айтганда, жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган аралаш сайлов тизими – фуқароларимизнинг сиёсий фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса миллий парламентимиз фаолиятининг ривожланишида ва сиёсий партияларнинг янада тараққий этишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Сирожиддин АБДУВОИТОВ,
Марказий сайлов комиссияси котибияти
Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар
бўйича ўқув маркази етакчи маслаҳатчиси.
