“Серқуёш” сўзи жаранглаши билан бутун вужудимиз чексиз ғурур ва ифтихорга бурканади. Чунки, жаннатмонанд юртимизнинг кўрку-таровати, меҳнаткаш халқимизнинг орзу-интилишлари, дунё ҳамжамиятида кун сайин ривожланиб бораётган жонажон Ватанимизнинг обрў-эътибори ҳамда эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёш авлоднинг азму шижоати намоён бўлади.
Шу боисдан, давлатимиз мадҳияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги республикамизнинг барча жойларида кенг нишонланиб, турли учрашув ва байрам кечалари ташкил этилмоқда. Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлардан бири бугун “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” шиори остида ИИВ Маданият саройида ҳам бўлиб ўтди.
Унда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Сайёра Тўйчиева халқимизнинг мангу қўшиғи бўлган мадҳиямиз тинчлик-осойишталигимиз тимсоли эканлиги, у бизни мамлакатимиз равнақи йўлида бирлаштириб, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга даъват этишини таъкидлади. Шунингдек нотиқ мадҳиямиз муалифлари Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, бастакор Мутаваккил Бурхоновнинг ҳаёти ва ижодига ҳам атрофлича тўхталиб ўтди.
“Фарзанд тарбияси ва таълими энг муҳим вазифа” мавзусида сўзга чиққан Республика таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторов ўз маърузасида бугунги кунда келажагимизнинг давомчилари бўлмиш ёшларни тарбиялашда давлатимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилаётганлиги, уларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб улғайиши учун барча имкониятлар яратилаётгани, шунингдек, фарзандлар тарбиясида ота-оналарнинг ҳам муҳим ўрни борлигини алоҳида қайд этди.
– Жамиятимиз тараққиёти йўлидаги муҳим масалаларга бағишланган бугунги тадбир менда катта таассурот қолдирди, – дейди ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бош инспектори, капитан Жўрабек Назаров. – Шу боисдан, бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
