Иқтисодга мамлакат салоҳиятини белгиловчи омил, деб қаралиши тўғри. Мамлакат мудофаасининг мустаҳкамлиги, халқ дастурхонининг тўкинлиги, халқнинг яшаш даражасининг юқорилигига нима ецин?
Аммо мана шу даражани сақлаб туриш учун ҳам халқнинг маънавияти юқори бўлиши керак. Осмонўпар, нақшинкор саройлар таназзулга учраши, ганжу-гавҳарларнинг оҳори кетиши, бойликлар тўзиши мумкин.
Кўнгилдаги гавҳарлар-чи, ярақлаганича туравермайдими? Эслаб кўринг, улуғ устоз
Алишер Навоийнинг «Кеча келгумдир дебон» сатри билан бошланувчи ғазалини неча ёшингизда ёд олгандингиз? Ҳануз бир сатрига путур етдими? Нега ҳануз ғазални айтиб бошлаганингиз билан кўзингиз чарақлаб кетади? Бу маънавият, бу қон бизга ота-боболаримиздан ўтган. Замона минг ўзгарсин, томирдаги меросий қон ўзгармайди. Шунинг учун ҳам «Ёшлар ундай бўлиб кетди» каби нолишларга мен унча қўшилмайман. Чунки ёшлар осмондан тушгани йўқ. Улар ўзимизнинг болаларимиз.
Нақшбанд ҳазратлари шундай дейдилар: «Бизни тавоф этмоқни истаганлар аввал ўз аноларини тавоф эцинлар, кейин бизнинг аномизни тавоф эцинлар. Андин сўнггина биз тарафларга ўтмоқлари жоиз бўлур».
Бизнинг боболаримиз ҳеч қачон «мен» деб кўкракларига урмаганлар, бошқаларни босиб ўтиб олдинга юрмаганлар.
Бу — шарқ. Ота-оналарини «Қиблагоҳим» деб изини кўзга сурадиган, ўғли, қизини «отам, онам», деб бошига кўтарадиган Шарқ.
Бу — Шарқ. Гоҳо бундайроқ фарзанди, шогирди, дўстиниям, «Сен мендан ақллироқ, ботирроқ, мардроқсан», деб кенг феъллик билан олдинга ўтказадиган ва бу феъл билан фақат ўзи-да ютадиган, ўзида олдинга кетадиган — Шарқ!
«Элни куч билан итоатга кўндирсанг ҳам куч билан илм отига миндиролмайсан», — дейди япон файласуфи Конфусий.
Булар занжир ҳалқаларидай бир-бири билан боғлиқ ҳодисадир. Биз мустаҳкам маънавий омиллар билангина иқтисодий омилларимизни яратамиз. Сақлаймиз.
Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири.
