Яқинда Қўшкўпир туманининг энг чекка ҳудудида жойлашган 27-сонли мактабининг 11-синф ўқувчилари Хоразм вилояти Иибга ташриф буюрди.
Улар вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан кутиб олинди. Дастлаб, улар юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш вақтида мардларча ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимлари хотираси учун ўрнатилган ёдгорлик монументи пойига гуллар қўйишди ҳамда у ерда номлари битилган қаҳрамонларнинг жасорати билан ҳам яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг ўқувчилар вилоят ИИБ “Меҳнат ва жанговар шон-шуҳрат” музейига таклиф этилди. Ундаги тарихий экспонатлар, фотосуратлар, ходимларнинг хизмат фаолиятига оид маълумотлар, соҳада қўлланилган қурол-яроғ, кийим-бош ва махсус техникалар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг Қўшкўпир тумани ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувида ички ишлар соҳасига қизиқишим боис, унинг тарихи билан танишиш истагим борлигини айтгандим, – дейди тумандаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Миржалол Отамуродов. – Кўп ўтмай, бу истагим амалга ошди. Чунки, музейига саёҳатимиз давомида ички ишлар органлари тарихи ва бугунига оид кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлиб, ички ишлар органларига бўлган қизиқишимиз янада ортди.
Шунингдек, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этувчи бу каби тадбирларга вилоят ҳудудидаги барча таълим муассасалари ўқувчиларини режа асосида таклиф этиш белгилаб олинди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
Саъдулла АБДУЛЛАЭВ олган суратлар.
