Оилада ҳамиша ўзаро ҳурмат ва меҳр устувор бўлиши керак. Айниқса, катталар кичикларга меҳрибон бўлиши, кичиклар эса катталарга ҳурмат кўрсатиши, оналар мулойимлик, сабр-тоқат билан қалбларга яхшилик уруғини сепиши, ота эса ҳалоллик, адолат ва меҳнацеварлик сингари инсоний фазилатларни сингдириши лозим. 

Хўш, маънавиятли инсон қандай бўлади ўзи? У доимо ўқиш, ўрганиш, ўз дунёқарашини кенгайтириш ҳаракатида бўлади. Адолатли бўлишга интилади, муҳтожларга меҳр-мурувват билан ёрдам қўлини чўзади. Унга лоқайдлик бегонадир. Бундай инсон жамиятда ҳам ҳурмат қозонади. Бу фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланади. 

Афсуски, бугунги ахборот технологиялари шиддат билан тараққий этиб бораётган замонда инсониятга, айниқса, ёшларга нисбатан турли ташқи ёт таъсирлар жуда кўп. Хусусан, интернет, ижтимоий тармоқлардаги, турли зарарли ахборотлар оқими уларнинг фикрига ҳар жиҳатдан салбий таъсир ўтказаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бундай шароитда эса оиланинг ўрни янада муҳимлиги айни ҳақиқатдир. 

Шу ўринда ота-онанинг шахсий намунаси энг кучли тарбия воситаси эканлигини таъкидлаш жоиздир. Улар ўз сўзига амал қилса, ҳалол ва тарбияли бўлса, фарзанд ҳам шундай бўлишга интилади. Акс ҳолда, фақат гап билан берилган тарбия самара бермайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она, аввало, ўзини тар­бия­лаши, фарзандига яхши намуна бўлиши керак.

Айтганча, оилада фақат ахлоқий тарбия эмас, балки маърифий тарбия ҳам муҳим. Китоб ўқишга бўлган муҳаббат, билимга интилиш, янгиликларни ўрганиш каби фазилатлар ҳам айнан ана шу масканда шаклланади. Ота-она фарзандига китоб ўқиб берса ёки уни китоб ўқишга ундаса, бу боланинг келажагига кучли ижобий таъсир кўрсатади, албатта.  

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оила жамиятнинг энг муҳим бўғини сифатида давлатимиз томонидан муҳофаза қилиняпти, уни мустаҳкамлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бош қомусимизнинг ХИВ боби «Оила, болалар ва ёшлар» деб номланади. Унинг 76–80-моддаларида оила муносабатларига оид ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатлар белгилаб қўйилган. 

Хусусан, 76-моддада, «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади», деб белгилаб қўйилган. 

Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда оилани мустаҳкамлашга, ундаги муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам беришга ҳамда барча аъзоларининг масъуллиги асосида қарор топтиришга хизмат қилади. Қонунчиликка кўра, бирор-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмайди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат жамият ва оилада соғлом ҳамда барқарор ижтимоий маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш каби қатор муҳим вазифаларни амалга оширишда ҳуқуқий асос бўлади.

Ушбу қоидаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида эса маҳалла еттилиги кўприк бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, илгари оилавий муаммо ва низолар судга етиб борганда маълум бўларди. Ҳозир маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоли аёлларнинг ижтимоий аҳволини, ижтимоий ходим муҳтож оилаларнинг эҳтиёжларини, профилактика инспектори оиладаги муҳитни хонадонбай ўрганмоқда. Бу ўрганишлар ижобий маънода ўзгаришлар асосига айланиб улгурди. Жумладан, юз минглаб аёлларнинг касб-ҳунарга ўқитилиши, уларга имтиёзли кредитлар ажратилиши ва бандлиги таъминланиши орқали оилаларнинг даромад манбайини кенгаймоқда. Бу эса ўз навбатида, молиявий қийинчиликлар ортидан келиб чиқадиган оилавий низоларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Зеро, оила мустаҳкамлиги унинг иқтисодий фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш йўлидаги ислоҳотлар шунчаки кампаниябозлик эмас, бу миллат генофондини асраш ва келажак соҳибларини соғлом муҳитда камолга етказиш йўлидаги муҳим ҳаракатдир. Бугунги ўзбек оиласи – замонавий билим ва миллий тарбия уйғунлашган маскандир. Қувонарлиси, давлат томонидан берилаётган эътибор ва имтиёзлар оилаларнинг мустаҳкамлигини оширмоқда. Зеро, оила қўрғони мустаҳкам бўлса, инсонлар бахтли, бундай жамият эса фаровон ва обод бўлади. Оилада берилган тарбия ҳар бир инсоннинг бутун ҳаётида йўл кўрсатишини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳар биримиз ўз оиламизда меҳр-оқибат, ҳурмат ва эзгуликка йўғрилган қадриятларни сақлашимиз даркор. Чунки бугунги тарбия – эртанги келажак демакдир.

Шундай экан, ҳар бир оила маънавият масканига айланиши лозим. Зеро, маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат таъкидлаганидек, «Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва мунтазам бўлади». 


Гулноза ТУРҒУНБОЕВА, 

ўз мухбиримиз.