Маърифат – кишиларнинг онги, билими ва маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия. У табиат, жамият ва инсон моҳияти ҳақидаги турли билимлар, маълумотлар мажмуасини ҳам билдиради. Маърифат илм-у урфон маъносида ҳам ишлатилади. Маърифат маънавий қарамликни бартараф қилади, инсонга куч-қудрат ато этади. У кишиларни жаҳолатдан қутқаради, ёмонликлардан қайтаради, яхши хулқ ва одоб эгаси бўлишга ёрдам беради. Маърифатли кишилардан ташкил топган жамият равнақ топади, келажаги порлоқ бўлади. Маърифатни ҳаётга сингдириш маориф тизими орқали амалга оширилади. Тасаввуфда маърифат руҳий камолотга эришувнинг асосий босқичларидан бири сифатида талқин этилади.
Бутун дунёда ёшлар ҳар бир давлатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий бойлиги, сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс куч ҳисобланаркан, уларнинг маърифати ҳамиша эътибор марказида бўлиб қолаверади. Ҳозирда мамлакатимиз ёшларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, жаҳон ёшларига намуна бўлгудек гўзал тарбия ва билим бериш, ташаббус ва илмий интилишларини рўёбга чиқариш борасида ҳам муҳим қадамлар ташланди. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар йили минглаб битирувчилар мактабларни олтин, кумуш медаллар билан якунламоқда. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар йигит-қизлар учун Президент гранти жорий этилди. Имтиёзли таълим кредитлари ажратилиб, халқаро таълим дастурлари бўйича энг юқори балларни тўплаган иқтидорли ёшларга алоҳида эътибор берилмоқда. Ёш олимлар учун танловлар, грант маблағлар, стартап лойиҳалар, олий ўқув юртларига ўқишни кўчиришдаги ўзгаришлар, қулай тест жараёнлари, бир вақтнинг ўзида 5 та Отмда билимини синаб кўриш имконияти яратилмоқда.
Хўш, ёшларнинг билими, маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манба нима? Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ёзганидек, «Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи» ҳисобланади.
Китоб нафақат билим ва маънавий қувват бериб, инсонни комилликка етаклайди, балки ҳаёт қоидалари, яшаш санъатини ўргатувчи маёқдир. Китоб ўқиган инсон ўзининг асосли мулоҳазаси, билими, юксак тафаккури, дунёқараши кенглиги билан бошқалардан ажралиб туради. Бундан кўринадики, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли етук шахс сифатида жамиятда ўз ўрнини топиши ва, албатта, бахтли бўлишида китоб беминнат дўстдир.
Келажак авлод тақдири ҳақида қайғурган маърифатпарвар жадид бобомиз Абдурауф Фитрат «Агар динга, Ватанга, молға, жонға, авлодга муҳаббатингиз бўлса, агар диннинг халос бўлиши, шариатнинг ривожи, Ватан ободлиги, авлоднинг тинчлиги, яхши ном қолдиришнинг чорасини хоҳласангиз, сизнинг иложингиз, аввало, касби маорифдир. Қобилиятлиларни таҳсил учун ўқишга юборинг», дея билдирган фикрида миллат ва Ватан келажаги, ёшлар таълим-тарбияси учун қанчалар куюнчаклик билан ёндашганини кўришимиз мумкин. Ва бу қарашнинг қиймати, орадан қанча йиллар ўца-да, ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.
Мустақил фикрини баралла ифодалай оладиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти, халқига фидойи, аждодлари бошлаган хайрли ишларни давом эттиришга қодир бу авлод онг-у тафаккурини ёритган маърифат нурлари, уларнинг келажаги, эртасини нурафшон айлаб, миллат фахрига айланишига асос бўлишига шубҳамиз йўқ. Бунда улар давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «... одамзод ҳаётда муносиб ўрин топиши, эл-юртнинг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлиши учун миллий ва умуминсоний қадриятларни эгаллаб, доимо олдинга интилиб яшаши, изланиш ва ўрганишдан асло тўхтамаслиги керак».
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
