Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров Арнасой тумани марказидаги касб-ҳунар мактабида сайёр қабул ва ёшлар билан мулоқот ўтказди. Тадбир доирасида ёшлар фестивали уюштирилиб, ёш авлод вакиллари стол тенниси, армрестлинг, тош кўтариш, шахмат-шашка мусобақаларида куч ва иқтидорини синовдан ўтказди. Шунингдек, тасвирий ва халқ амалий санъати кўргазмаси, бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилинди.
Фестивалъ якунлангач, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида илм-фан, спорт ва санъат соҳаларида юқори натижаларга эришаётганлар ҳамда шу куни ташкил қилинган спорт мусобақаларида ғолиб бўлганлар фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди.
Бундан ташқари, 7 нафар ёшга олий таълим контракт тўловларининг 50 фоизини, 1 нафар ёшга сафарбарлик чақирув резерви тўловини қоплашга оид сертификатлар топширилди. Яна 2 нафар ёш пайвандлаш ускунаси ва тикув машинасини қабул қилиб олди. Шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда вояга етганларга ИД-карталар топширилди.
Аҳоли вакиллари ва ёшлар билан мулоқот давомида фуқаролар томонидан 30 дан ортиқ муаммолар кўтарилди. Учинчи сектор раҳбари ушбу масалаларни ҳал қилиш юзасидан масъулларга топшириқлар берди. Хуллас, мулоқот ҳар доимгидек мазмунли кечди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Ростда” мухбири.
Жиззах вилояти.
