– Мендаги адабиётга меҳрни онажоним уйғотганлар, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Онам Моҳида Шарипова мактабда узоқ йиллар биология фанидан ўқувчиларга дарс берган, ҳозир пенсияда. Болалик хотирамда уларнинг жуда кўп китоб, газета-журнал ўқишлари муҳрланиб қолган. Китоблар оламига, адабиётга шу аснода қизиқиб қолганман. Аввалига онамга ўқиган ҳикояларимни сўзлаб, шеърларни такрор-такрор ёд ўқиб берардим. У доим фикримни қисқа ва лўнда ифодалашимга, талаффузимнинг равон бўлишига алоҳида эътибор қилиб, камчиликларимни тушунтириб берарди. 

Адабиёт кўнгилларга нур янглиғ кириб боради. Зумрадда ҳам шундай. У ўзининг пок туйғуларини, ички кечинмаларини қоғозга туширишга ўзида эҳтиёж сезади. Қувонарлиси, унинг шу тариқа яралган шеърларида шира, ўқувчи дилига яқин эзгулик бор. 

– Ижодкорлар ҳиссиётга берилувчан бўлади дейишади, – дейди лейтенант Зумрад Ибодуллаева. – Касбимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ички ишлар органи ходими ҳиссиётга берилмай, қонуний ваколати доирасида хизмат олиб бориши керак. Бу эса мени ҳаётдан тўғри хулоса чиқаришга, доим изланишга ундайди. Чунки ҳали ёшман, зиммамга юклатилган вазифалар алоҳида масъулиятни талаб этади. Хизмат олиб бораётган вақтимда баъзан инсонларнинг нигоҳидан «Ўзи ёшгина қиз экан, чигал муаммоларга ечим топа олармикин?» деган саволни ҳам уққандек бўламан. Шу боисдан доим касбимга оид назарий билимларимни амалиёт билан уйғунлаштиришга интиламан. Айниқса, устозларимдан соҳанинг ўзига хос томонларини синчковлик билан ўрганишга ҳаракат қиламан. Баъзан китоб ўқиб чиқарган хулосаларимга ҳам таянаман. Билимимни ошириш учун яна китоб варақлаб, ўқиб-ўрганаман. 

Ўқиб-ўрганиш, ибрат олиш ва хулоса чиқариш. Бу жараёнлар шахс камолотида муҳим ўрин тутади. Зумрад ИИВ Академиясида таълим олиб юрган кезларидаёқ бунинг мағзини чақиб улгурган. Унинг мазкур таълим муассасасида аъло баҳоларга ўқигани, иқтидорли курсантлар кенгаши ҳамда бадиий ҳаваскорлар тўгарагининг фаол аъзоси бўлгани, қатор танловларда фаол иштирок этгани ва таҳсилни имтиёзли диплом билан якунлагани фикримиз далилидир. 

– Китоб ўқиган инсоннинг нутқи равон, билими мукаммал бўлади, – дейди лейтенант Зумрад Ибодуллаева. – Китоб—беназир хазина. Шу боис нафақат бадиий адабиётлар, балки касбий билимларимни бойитиб бориш мақсадида ҳуқуқий мавзудаги китобларни ҳам кўп ўқийман. Келажакда ўз касбимнинг етук мутахассиси бўлиш, шунингдек, шеърий тўпламимни нашр этиш ниятим ҳам бор. Бу изланиш, ўз устимда тинимсиз ишлаш деганидир.

Бир сўз билан айтганда, ижодкор ходима Зумрад Ибодуллаева тиришқоқлиги, интилиши ва ҳаркатдан тўхтамай ўтаётган ҳар куни уни кўзлаган орзу-мақсадлари сари яқинлаштираётганига ишончимиз комил. 

Қуйида унинг шеърларидан бирини ҳукмингизга ҳавола этамиз. 


ОНАЖОНИМ

Бу кун онажоним фахрланиб дер:

«Қизим муносиб бўлди Ватанга».

Баъзида кўзёши оқар мисли сел,

«Соғиндим-ку сизни!», десам, онамга.


Онажоним бу кун боши тик, мағрур

Фарзандларин камолин кўргани учун.

Қалбида жўш урар фахр ва ғурур,

Унга алқов айтар гувоҳдир очун.


Лабида ним табассум, юзларида нур,

Жоним, жаҳоним, дер хавотир ила.

Меҳрининг тафтидан қалбимда ҳузур,

Юрак соғинса-да, ўртанмас сира.


Онажоним, сиз борки ярим кўнглим тўқ,

Яшаяпман, қалбда зарра андуҳ йўқ.

Тилагим, Яратган асрасин сизни,

Тавоф айлай доим изларингизни.


Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

 ўз мухбиримиз.

 Самарқанд вилояти.