Буюк бобокалонимиз, йирик давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар бутун юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Шу муносабат билан бугун мамлакатимиздаги барча давлат ва жамоат ташкилотлари қатори ИИВ Марказий аппарати соҳавий хизматлари ходимлари ҳам етук саркардани хотирлаш мақсадида Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюришди.
У ерда Амир Темур ва темурийлар даврига оид қўлёзма асарлар, турли давлатларнинг ҳукмдорлари билан олиб борилган ёзишмалар, тангалар, сопол ва мис буюмлар, меъморий безак қопламалари, китоблар, этнографик буюмлар ҳамда юртимиз рассомларининг асарларидан иборат нодир экспонатлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлган осойишталик посбонлари ўзларининг тарихий билимларини янада бойитдилар.
– Музейни томоша қилар эканмиз, темурийлар томонидан амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, яна бир бор мазкур сулоланинг нақадар қудратли эканлигига шоҳид бўлдик. – дейди ИИВ Кадрлар бош бошқармаси Маънавий ва тарбиявий ишлар бошқармаси Ахборот-ресурс маркази бошлиғи, подполковник Наргиза Муллажонова. – Шу боисдан, дунё тарихида ўчмас из қолдирган ана шундай улуғ зотларнинг авлоди эканлигимдан қалбим чексиз ғурур ва ифтихорга лиммо-лим бўлди.
Шундан сўнг, мазкур зиё масканидан катта таассуротлар билан чиққан ходимлар, оркестр садолари остида кураги ерга тегмаган саркарда ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Шундай қилиб, ватанпарварлик руҳида ўтган ушбу тадбир барча иштирокчиларда буюк аждодларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни ҳар қачонгидан ҳам кучайтириш билан биргаликда, она Ватанимизга бўлган меҳр-муҳаббат ва садоқатни янада оширишга хизмат қилди.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
Абу КЕНЖАЭВ олган суратлар.
